1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Огоҳ бўлинг! Экстремистик оқимлар ғаразлари мақсадлари йўлида оят ва ҳадисларни мазмунини бузиб талқин қилмоқдалар

21-01-2025, 10:11 316 Ўқиш режими + -
Маълумки, ислом дини тарихида хусусан, пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам даврида мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасида кечган мажаролар, жангу жадаллар Қуръон оятлари ва ҳадисларда акс эттирилган. Булар экстремистик руҳдаги кишиларга кучли таассурот қолдириб, улар ўзларининг тинч аҳолига, конститутциявий тузумга қарши бузғунчилик фаолиятларини гўё мушрик ва кофирларга қарши муқаддас жанг деб ҳисоблайдилар.
Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг мушриклар билан қилган жангларининг ўзига хос сабаб ва омиллари бор эди. Ўша даврнинг сиёсий ва диний талаблари бўйича Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло тарафидан ваҳий орқали кўрсатмалар бериб турилган. Масалан, Қуръони каримда: “Бас (Эй, мўъминлар!) қачонки, сизлар кофир бўлганлар билан тўқнашганингизда, “бўйинларига урингиз!”[1] -  дейилади. Шу кўрсатмаларга биноан жиҳод ва ғазотлар амалга оширилган.
“Агар кофирлар сизлардан четланиб, сизларга қарши жанг қилмай, сулҳни таклиф қилсалар Аллоҳ сизларга уларга қарши чиқиб жанг қилишга йўл бермайди”[2] – деган кўрсатма билан ундан олдинги жанг ва жиҳодга ундовчи оятлар мансух бўлди.
Экстремистик оқимлар ўзларининг ғаразлари мақсадлари йўлида, биринчидан, Қуръон оятлари мазмунини бузиб талқин қиладилар. Иккинчидан, аниқ бир тарихий шароит, воқеа билан боғлиқ ҳолда ваҳий орқали нозил қилинган ва учинчидан ҳукм бекор қилинган-мансух оятларни бугунги, ўзгарган тарихий шароитга татбиқ қилишга ва шу йўл билан ўз ҳаракатларини гўёки, оқлашга интиладилар. Бундай ҳаракатлар эса, барча даврларда ва барча уламолар томонидан қораланиб, бузғунчилик сифатида баҳоланган.
 Қуръон ёки ҳадисдан гапирувчи киши аввало араб тилини пухта билиш билан бирга тафсир китоблари, фиқҳга доир асарлардан етарли даражада хабардор бўлиши шарт. Зеро, Қуръони каримда шундай оятлар борки, уларнинг ҳукми мансух, яъни бекор қилинган. Масалан, “Моида” сурасининг 90-91 оятлари билан ундан олдин ваҳий бўлган “Нисо” сурасининг 43-ояти мансух бўлган. Яъни олдин маст ҳолатда намоз ўқиш таъқиқланган бўлса, кейинги оятда намоздан ташқари ҳам маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилиш қатъий ман этилади.
Ҳозирда эса, диний маълумоти ҳам, дунёвий ва сиёсий савияси ҳам паст даражада бўлган баъзи оқим пешволари ўзларича шаръий фатво бериш, жиҳод эълон қилиш каби катта гапларни гапиришгача журъат қиляптилар.
Шаҳидлик асл моҳияти нима? Ўзларини портлатиб, террор амалиётини содир этаётганлар ҳам шаҳид ҳисобланадими?
Шаҳидлик ислом динига кўра, Аллоҳнинг ризоси йўлида фидойилик қилган, имони, эътиқоди, номусини, Ватан озодлиги ва мустақиллигини сақлаш йўлида ҳалок бўлган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даража демакдир. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ички касалликлар хуружи билан ўлган, жони, моли, ор-номуси ҳимояси йўлида ўлдирилган ва турли сабаблар билан   фожиали ҳалокатга учраган кишиларга ҳам шаҳидлик мақоми берилади, деб башорат қилганлар. Демак, ислом нуқтаи назарида бошқа савобли ишлар каби шаҳидлик ҳам мусулмон кишининг ихлосу эътиқоди, амали ҳамда мусибатларга сабр-тоқат қилиши эвазига бериладиган мукофат экан.
 Аммо бизнинг асримизда ўзларини портлатиш, террор амалиётини амалга ошириш йўли билан бегуноҳ кишилар ҳаётига зомин бўлаётганлар –жиноят содир этган гуноҳкор бандалардир. Уларнинг шаҳидлик даъво қилишларига ҳеч қандай шаръий асос йўқ.
 
  
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи 
 
[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, “Муҳаммад” сураси, 4 - оят мазмуни. 
[2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, “Нисо” сураси, 90 - оят мазмуни.