1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Ҳизбут-таҳрир”нинг халифалик ғояларига раддия

22-01-2025, 10:21 348 Ўқиш режими + -
“Халифа” сўзи арабча бўлиб, маъноси “ўринбосар”дир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло одамзодни халифа деб атаган. Масалан, Қуръони каримда: “Эсланг, (эй, Муҳаммад!) Роббингиз фаришталарга, Мен ерда халифани(инсонни) яратмоқчиман, деди”, - дейилган. Яна “Анъом” ва “Юнус” сураларида ҳам “Эй, инсонлар Сизларни ер юзига халифа (эга) қилиб қўйдим!”.[1] - дейилган. Зеро, инсон Ерда Аллоҳнинг иродаси ва ризосига мувофиқ равишда эзгулик ва хайрли ишларни амалга ошириши юзасидан мажозий маънода Аллоҳнинг ўринбосаридир. Халифа деб шариатда диний ҳукмларни юритишда Расулуллоҳнинг ўринларини эгаллаган кишига айтилади. Лекин Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламдан кейинги халифалар хусусида Қуръони каримда   бирор ишора ҳам йўқ. Ҳадиси шарифларда эса, Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламдан кейин у зотнинг йўқликларини билдирмаслик, то одамлар пайғамбарсиз ҳам Аллоҳнинг дини давом этиши тўғрисида қайд этилган. Ўттиз йилдан кейин халифалик эмас, балки подшоҳлик ва амирликлар бошланиб кетиши тўғрисида ҳам Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари хабар берганлар. Лекин шунга қарамай мазкур ўттиз йилдан кейинги амир ва подшоҳларни ҳам халифалар деб аташ одат бўлган. Демак, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейинги ўттиз йил ичида ислом жамиятини бошқарган ҳукмдорлар (асосан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва имом Ҳасанлар) Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам ўринбосарларидир. Кейинги ҳукмдорлар эса, гарчи халифалар деб аталган бўлсалар-да, аслида амирлар ёки подшоҳлардир.
Ислом тарихига кўра, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан кейинги ўттиз йиллик халифалик “комил халифалик” ҳисобланади ва шу даврдаги халифалар “хулофаи рошидин”, яъни тўғри йўл тутган халифалар деб аталганлар. Улардан кейин келган амир ва подшоҳларни халифалар деб номлашни “ноқис халифалак” деб атайдилар.
 Халифаликни мазкур икки турга ажратиш асосан “Ҳизбут таҳрир” каби диний-сиёсий оқимлар томонидан ихтиро этилган.
 Зеро, бу оқим аъзолари “комил халифалик”ни тиклаш амри маҳол эканини яхши билишади. Уларнинг мақсади “ноқис халифалик” номи билан бўлса-да, ҳокимиятни қўлга олишдир.
Аввало, Қуръонда халифалик бошқарувидаги давлат тузумини асолашга хизмат қилидиган бирор бир оятнинг ўзи йўқлигини таъкидлаш зарур. Шундай бўлса-да, ҳизбчилар байъат қилиш, яъни маълум бир халифани тан олиб, унга тўла итоат қилиш мусулмончиликнинг асосий шартларидан деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, исломда байъат инкор этилмайди. Аммо уни мусулмончиликнинг асосий шартларидан деб билиш ҳам ноўриндир. Зеро, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам даврларида исломга кирган мусулмонларнинг ҳаммаси келиб, Ул зотга байъат қилмаганлар. Балки диллари имон билан мунаввар бўлгани, узоқдан бўлса ҳам Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламни тасдиқ этгани кифоя саналган.
Ҳизбчиларнинг ҳозирги кунда “байъатсиз яшаш жоиз эмас,  байъатсиз дунёдан ўтиш – жоҳилият ўлими”, - деб мусулмонларнинг дилига шубҳа ва изтироб солишлари бутунлай асоссиздир. Уларнинг сўзича, ҳар бир мусулмон халифанинг қўл остида яшаши зарур ва у билан байъат қилиши фарз. Бу билан улар ҳозирда йўқ бўлган байъат туфайли ҳамма мусулмонларни гўёки фарз,  яъни Аллоҳ буюрган ишни бажармаётган гуноҳкорларга чиқариб қўймоқда. Ислом қонунчилигига кўра, мусулмонларга фарз бўлган амаллар фақатгина Қуръонда очиқ-ойдин баён қилинган кўрсатмага биноан жорий бўлади. Бундан ҳизбчиларнинг байъатни ҳеч бир асоссиз фарз даражасига кўтараётганлари англашилади.
Расулуллоҳ вафот этишлари билан мусулмонлар дарҳол Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат қилиш иши билан машғул бўлганликларининг асосий сабаби, унинг зарур бўлганлигидан эмас, балки Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламнинг ишлари  лоақал 30 йил давом этмаса, исломга кирганлар яна эски динларига қайтиб кетишлари эҳтимоли бўлганидан деб билинади. 30 йилдан кейин эса, Пайғамбар (с.а.в) сиз ҳам ислом дини давом этиши мумкин эканига қаноат ҳосил бўлиши табиий эди.
Ҳизбчилар ўз даволарини асослаш учун Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг  “Мендан кейин бир кун ҳам халифасиз яшамангиз...Кимки халифага байъат(қасамёд) қилмасдан ўлса, жоҳилият ўлими билан ўлган бўлур”, - деган ҳадисларини ҳужжат қилиб келтиришади. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам вафотини эшитган айрим мусулмонлар: “Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам ўлган бўлса, унинг дини ҳам тугабди”, - деб исломдан қайтиб кетмасинлар, ўттиз йилга қадар ўзларининг ўринларида халифалар диний бошқарувни давом эттирсинлар деб, қаттиқ тайинлаган эдилар. Шундай бўлди ҳам. То Абу Бакр халифа этиб сайланмагунича Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам жасадлари уч кун дафн этилмай турди. Шунга қарамай Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам вафотидан кейин  кўп мусулмонлар диндан қайтиб кетдилар. Абу Бакр икки йилгача бундай кишиларни исломга қайтаришдек мушкул вазифа билан банд бўлдилар. Бир сўз билан айтганда, мўътадил фикрловчи уломалар  халифага байъат қилиш зарурлигини ўттиз йил мобайнида амал қилинадиган буйруқ деб   билиб келдилар. Ҳизбчилар эса, уни асоссиз равишда ҳозирги кунга ҳам татбиқ этмоқчи бўладилар.
Ҳозирги асримизда халифаликни тиклаш мумкин эмаслиги ўз-ўзидан маълум. Чунки халифалик – бу бутун дунё мусулмонлари устидан ҳукмронлик қилиш демакдир. Дунё мусулмонлари эса, турли тузумдаги мустақил давлатларнинг фуқораларидир. Улар халифага эмас, ўзларининг давлат раҳбарлари ва дин пешволарига итоат қиладилар. Халифаликнинг талаблари саналмиш дунё мусулмонларининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан якка бошқарувга бўйсунишлари асло мумкин эмас. Халифаликни тиклаш таклифини арабларнинг ўзлари ҳам  ҳозиргача қабул қилган эмас. Фақатгина “Ҳизбут-таҳрир”, “Нурчилар” каби оқимларнинг аъзолари бу фикрни олдинга сурмоқда, холос.
Ҳизб китобларида халифалик шартларидан олтитаси қайд этилади. Ваҳоланки, бу олий мансабга эга бўлаётган кишида бир неча муҳим шартлар бўлиши лозим. Жумладан, ҳизбчилар ўзлари санаб ўтган халифалик шартларида халифа:
  1. Илм, яъни Аллоҳнинг барча ҳукмлари бўйича олим бўлмоғи.
  2. Адолат, Аллоҳ таолонинг ҳукмларини ва инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларни адо этишда одил бўлмоғи.
  3. Кифоят, яъни халқини ҳимоя қилишга ва душман ила жиҳод қилишга қодир бўлмоғи.
  4. Жисмоний ва фикрий жиҳатдан соғлом бўлмоғи.
  5. Қурайший, яъни, қурайш қабиласига мансуб бўлмоғи лозимлиги ҳақидаги қатор шартларни келтирмайдилар.   
  6. Шу билан бирга, мабодо халифалик сайлашга тўғри келиб қолганда ҳам  бу лавозимга номзод кўрсатиш ҳал қилиниши ўта мушкул муоммадир. Шунинг учун ҳам, уломалар, дунё мусулмонлари модомики, Аллоҳнинг буюрган фарзлари ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида исломнинг беш рукни, яъни имон, намоз, закот, рўза, ҳаж ибодатларини адо этиш имкониятига эга эканлар, халифалик бошқарувисиз ҳам дунёда мусулмончилик давом этаверади, деб ҳисоблайдилар. Ҳизбларнинг халифаликсиз қилинган мусулмончилик қабул эмас деган даъволари эса мутлақо асоссиздир.
 
 
 
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими   бошлиғи 
 
[1]  Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, “Бақара” сурасининг 30-ояти мазмуни.