1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ШАЪБОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА

28-01-2025, 15:53 300 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ато этилган умр жуда қадрли ва қимматлидир. Унинг ҳар бир дақиқасининг қадрига етиш ва беҳуда зое бўлишининг олдини олиш барчамизнинг бурчимиздир. Ой ва кунлар ичида шундайлари борки, унда қилинган тоат-ибодат ва солиҳ амаллар бошқа кундагига қараганда савоби ортиқроқ бўлади. Ана шундай фазилатли ойлардан бири Шаъбон ойи бўлиб, унинг бошқа ойлар ичида ўзига хос ўрни бор. Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши: “Эй, Расулуллоҳ! Мен Сизни ҳеч бир ойда Шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганингизни кўрмадим?” – деб сўраганларида, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: яъни: “Бу ой Ражаб билан Рамазон ўртасидаги ой бўлиб, одамлар ундан ғафлатда қоладилар. Ҳолбуки, барча амаллар оламларнинг Раббисига мана шу ойда кўтарилади. Мен эса рўзадор бўлган ҳолатимда амалим кўтарилишини яхши кўраман”, — деб жавоб берганлар (Имом Насаий ва Абу Довуд ривояти). 
Оиша разияллоҳу анҳонинг ривоят қилишларича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойида ибодатларни янада кўпайтирар эдилар. Бунинг сабабини сўраганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Оиша, келаси йил давомида вафот этадиганларнинг ажали мана шу Шаъбон ойида ёзиб қўйилади. Менинг ажалим Парвардигоримга ибодат қилаётган ҳолимда ёзилишини яхши кўраман”, — деганлар.
Шаъбон ойининг ўн бешинчи кунига ўтар кечасининг фазилати ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан: Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаъбон ойининг ўртаси келганда кечани ибодат билан бедор ўтказинг, кундузлари рўза тутинг” — деганлар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: яъни: “Шаъбон ойининг ўртасидаги кечада Аллоҳ таоло бандаларига назар қилиб, мушрик, ўзгаларга озор берувчи кимса ва ноҳақ одам ўлдирган кишидан бошқа ҳамма кишиларни мағфират қилади”, — деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти). Ҳадисларда мана шу кечада Аллоҳ таоло жуда кўп инсонларни дўзахдан озод этиши баён қилинган. Шунинг учун ҳам бу кеча “Бароат кечаси” номи билан   машҳурдир. 
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечанинг фазилати ҳақида яна: “Аллоҳ таоло тўрт кечада – Рамазон ва Қурбон ҳайити кечаси, Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси ва Арафот кечасида барча яхшилик эшикларини очади”, — деганлар.
Аллоҳ таоло банданинг ихлос ва эътиқод билан қилган барча солиҳ амалларини, чин дилдан, самимий қилган тавбасини ҳар доим ҳам қабул қилишини ваъда қилган. Бироқ, Шаъбон ойида солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, бандаларни келаётган Рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб бормоқларини таъминлашдир. Маълумки, омма орасида бароат кечасида юзлаб ракъат намоз ўқиш керак, деган тушунча юради. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло малоллик билан қилинган ибодатни қабул қилмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч қачон тунги таҳажжуд намозини саккиз ракъатдан оширмаганликлари ривоят қилинган. Энг тўғри йўл албатта, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эгашишдадир. Шундай экан, Шаъбон ойида ўзимизни қийнамаган ҳолда, бақадри ҳол нафл рўза ва ибодатлар қилиб, асосий ибодат ойи бўлмиш Рамазони шариф ойини ҳам жисмонан, ҳам руҳан қувват олган ҳолда кутиб олмоғимиз лозим. 
Аллоҳ таолонинг наздида инсоннинг қадри баланддир. Шунинг учун ҳам У инсонни азизу мукаррам қилиб яратиб, уни ибодатга буюрди. Ибодатларни адо этиб юрган киши кўпгина инсоний фазилатларга эга бўлади, инсонга номуносиб феъл-атворларни тарк этади. Демак, Ислом шариатида буюрилган барча амаллар инсонларни комилликка етаклаб, уларни ўзаро меҳр-оқибатда, иззат-ҳурматда ҳаёт кечиришларига чорлайди. 

Muslim.uz материаллари асосида
Х.Хонимов тайёрлади 
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби