Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг саккизинчи ойидир. У 29 кундан иборатдир. Шаъбон ойи муборак, хайр-баракага тўла ойлардандир.
Хўш, Шаъбон нима маънони англатади? “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “ Шаъбон –қамарий йил ҳисобида 29 кундан иборат, саккизинчи ойнинг номи” дейилади.
“Шаъбон” арабча сўз бўлиб, у “бўлиниш”, “тарқалиш” деган маъноларни англатади.
Ривоят қилишларича, қадим замонлар одамлар қиш пайтида бир жойда, баҳор келиши билан бошқа жойларга тарқалиб яшашган. Йилнинг ҳар хил келиши, яшаш шароитига қараб одамлар истиқомат жойларини ўзгартириб туришган. Ҳижрий йил ҳисобининг саккинчи ойига ном бериладиган пайтда одамларнинг ҳар томонга бўлиниш, тарқалиш пайтларига тўғри келади. Мана шу ҳолатдан келиб чиқиб, у ойга Шаъбон деб ном қўйилади.
Халқимизда ҳар бир ойни кимгадир, нимагадир тегишли қилиб баён қилиш ҳоллари учрайди. Масалан, Ражаб ойи Аллоҳ таолонинг ойи деб эътироф этилса, Шаъбон ойи пайғамбар ойи, Рамазон эса умматларнинг ойи дейилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “ Ражаб Аллоҳнинг ойи, Шаъбон менинг ойим, Рамазон эса умматнинг ойидир”. Шаъбон ойидан сўнг умматнинг ойи бўлган Рамазон ойи келади.
Инсон Шаъбон ойида ўтаётган умрини яхшилик билан ўткариши фазилат ҳисобланади. Бу ҳақда пайғамбар (с.а.в.) шундай дейдилар: “ Аллоҳ таоло Ражаб ойини ўзи учун танлаб олди. Шунинг учун Ражаб ойини Аллоҳ таолонинг ойи дейилади. Кимки Ражаб ойининг ҳурматини жойига қўйса, Аллоҳ таоло у бандани жаннатга киритиб, яна ўз розилигини ато этади. Ким шаъбон ойини ҳурматлаб, уни қадрласа, пайғамбарлар билан бирга бўлади “ дедилар.
Тарихда маълумки, Шаъбон ойида кўп муҳим воқеалар юз берган. Шулардан бири Шаъбон ойида қибланинг Қуддус Шарифдан Маккаи Мукаррамага қараб ўзгаришидир. Ўша Шаъбон ойдан бери Маккаю-Мукаррамага қибла сифатида юз ўгириш таомилга кирди. Шаъбон ойининг кечалари ҳам файзлидир. Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси “Барот кечаси” деб аталади. Ва яна халқимиз Шаъбон ойида Барот кечаси борлигини ҳисобга олиб, бу ойни Барот ойи деб ҳам атайди. “Барот” сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “ Барот –арабча сўз бўлиб, оқлаш; бегуноҳ; соддадиллик, унвон олганлик ҳақидаги ёрлиқ, гувоҳнома “ деб изоҳланади.
Халқимизда ҳамиша Шаъбон ойи келса, бу ойнинг ҳурматидан ўзаро меҳр-муҳаббатни кучайтирадилар. Улар бу ойда ота-она, ёр-биродарлар, хеш-ақроболар, касалманд, муҳтож кишиларнинг ҳолидан хабар олишни кўпайтирадилар. Уларга турли мурувватлар кўрсатадилар. Бу эса Шаъбон ойи инсонлар орасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик бахш этадиган ой эканлигига далолат қилади. Шу сабабли Шаъбон ойи халқимизнинг хайр-баракаларини янада зиёда қиладиган ойдир.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими