Муқаддас динимизда ҳар бир ишда мўътадиллик – ўрта ҳол бўлиш маъқулланиб, исрофгарчилик ва ҳаддан ошишлик эса қораланган. Одатда исрофгарчилик деганда инсон ҳаётида зарур бўлган ҳар қандай неъмат, хоҳ у табиий бойлик бўлсин, хоҳ моддий бойлик бўлсин улардан фойдаланишда ҳаддан ошиш, яъни меъёрдан ортиқча ишлатиш ҳолатлари тушунилади.
Шу ўринда исроф сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларига қисқача тўхталиб ўтсак.
“Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш”, (“кишининг ўзига ҳалол бўлган нарсани ейишда мўътадилликдан ортиқча, керакли миқдордан зиёда емоғидир”) каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.
Яна ҳам соддароқ тушунадиган бўлсак исроф – вақт, пул, мол каби Аллоҳ таоло берган неъматларни ножўя сарфлашдир.
Исроф ҳам, бахиллик ҳам Ислом динида ман қилингандир. Чунки булардан бири пул ва молни сочиш, кераксиз жойларга сарфлаш бўлса, иккинчиси, мол ва пулни тўплаб, қўлда ушлаш, ундан ўзини ҳам, бошқаларни ҳам фойдалантирмасликдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Фурқон сураси 67-оятида шундай дейди:
وَالَّذِينَ إِذَا أَنفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَٰلِكَ قَوَامًا
Яъни: “Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”.
Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон молу дунёни исроф қилмаслиги керак ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.
Бу тўғрисда Исро сураси 29-оятида шундай дейилади:
وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا
“(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.
Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ҳам шаръан қораланиб, улардан хазар қилишга буюрилган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Исро сураси 26-27-оятида шундай марҳамат қилади:
“…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродаридирлар. Шайтон эса Роббисига нисбатан ўта ношукур эди”.
Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб этилади: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан ҳоҳлаганча еб-ичинглар, хайру-эҳсон қилинлар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!”.
Дарҳақиқат ҳар бир нарсанинг ўртаси яхши дегандек, мол-дунё сарфлашда ҳам меъёрни сақлаш лозимдир.
Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон мол-дунёни исроф қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош ҳам тортмаслиги лозим.
Минг афсуски, баъзи оилаларда динимизнинг исроф ҳам қилмаслик, бахиллик ҳам қилмаслик балки мўътадил бўлиш кераклиги ҳақидаги кўрсатмалари унутилган ёки уларга унча эътибор берилмайди.
Натижада бундай оилаларда етишмовчилик, танқисликлар ва бундан келиб чиқадиган кўнгилсизликлар авж олади, тотувлик ва меҳр-оқибат йўқолади.
Айрим оилаларда йиллар давомида катта машаққатлар билан тўпланган маблағни ном чиқариш учун, обрў қозониш мақсадида бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга сарфлаб юбориш ҳолатлари ҳануз давом этаяпти.
Аслида бу пуллар таниш-нотаниш одамлар бир кунда еб кетадиган зиёфатларга, ортиқча ҳою ҳавасларга эмас, аксинча оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилгани яхши бўларди.
Бундай дабдабали, кераксиз тўй ва маросимлар ҳар қанча чиройли кўринмасин, одамлар нима деб мақтанмасин, аслида катта исроф саналади. Бунинг ортида ҳеч қандай яхшилик йўқ.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, никоҳ тўйларида келин ва куёв томон бир – бирига ортиқча талаб қўйишлари ҳам келишмовчиликларга сабаб бўлади.
Тўй-маърака — бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала ҳисобланади. Шундай экан, бу борада ўзбошимчалик қилиш, пулни ўзим топдимми, уни хоҳлаганча сарфлайман дейиш жамоатчиликкка нисбатан ҳурматсизлик ёки уларни назар писанд қилмаслик саналади.
Исломда никоҳ тўйи зиёфати ва умуман бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир.
Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Таомнинг энг ёмони бойлар чақирилиб, қамбағаллар чақирилмаган никоҳ тўйи таомидир” (Имом Бухорий, Имом муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Юқорида айтиб ўтилганлардан маълум бўлмоқдаки, исрофгарчилик якка шахслар учун ҳам, оилалар учун ҳам ўта зарарли ижтимоий иллат экан. Унинг зарари бу дунё билан чегараланиб қолмай, охиратга ҳам ўтар экан.
Шунинг учун исрофгарчиликка қарши биргаликда курашишимиз ҳамда якка ҳолда оила даврасида ва жамият билан бирга исрофга қарши туриш бурчимиз эканини англаб етишимиз ҳамда унга амал қилишимиз лозимдир.
Ҳар бир жамият ўзининг пойдевори-келажаги бўлмиш ёшлари ҳақида қайғуради, уларнинг одобли, илму маърифатли бўлишида бор имкониятлардан фойдаланади.
Ўғил болаларнинг тарбиясига оталари катта аҳамият бериб, уларда эркакларга хос бўлган олий сифатларнинг шаклланиши учун ўзларидан талаб қилинадиган барча масъулиятларни шараф билан адо қилишлари, фарзандларини етук кишилар этиб тарбиялаб боришлари лозим.
Шунингдек, қизларнинг алоҳида тарбиялари оналарга топширилади. Уларда етук қиз, келин, уй бекаси, хотин, она бўлиш қобилиятларини оналар тарбиялашлари ва камолга етказишлари талаб этилади.
Фарзандларимиз таълим-тарбияли, яхши – ёмонни фарқига борадиган бўлишса, ўйлаймизки, улар исрофга йўл қўйишмайди, балки эл-юрт манфаати учун хизмат қиладиган етук инсонлар бўлишади.
Насиба Ботирова тайёрлади.
Қашқадарё вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, бош отинойиси