1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Тадбирли бўлиш – ярим ризқ

4-02-2025, 10:06 120 Ўқиш режими + -
Жамиятда шундай иллатлар борки бу иллатлар қачон пайдо бўлди, бунга кимлар ва қайси омиллар сабаб бўляпти деган савол шу азиз ватанда истиқомат қилаётган ҳар бир ақли расо, иймонли, эътиқодли, келажакни ўйлайдиган кишини ўйга толдирмасдан қўймайди.  Бу иллатларни тобора илдиз отиб кўлами кенгаётгани кўп орзу ҳавасларга берилиш, фақат бугуннинг орзу ҳаваси билан яшаш, келажакни ўйламаслик, бу ёмон иллатларни охиратдаги ҳисоби борлигини унутиб қўйиш ҳамда динимиз таълимотларини билмаслик десак тўғри бўлади.
Бугун халқимиз орасида тарқалаётган иллатлар, бидъат хурофотлар гарчи динга алоқаси бўлмасада айрим тушунмаган инсонлар бу хурофотларни дин билан боғлашлари ташвишли ҳолат. Қай бир жамиятда диндан бехабарлик, илмсизлик, жоҳиллик кўпайса, турли ирим-сиримлар, хурофотлар ва зарарли иллатларга йўл очилади. 
Ана шундай зарарли иллатлардан бири исрофгарчилик. Аллоҳ таоло Одамни яратгандан сўнг унга турли нозу неъматларни ато этиб, мана шу неъматларнинг шукрини қилишликка буюриб, исрофгарчиликдан қайтарди. Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълумки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, муътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”.
Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари ҳаражат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ҳам ман этилган. Бугун сир эмаски, тўй-маракаларда эътибор берадиган бўлсак, бир-икки қорни оч бормаса, фақатгина қорни тўқлар таклиф қилинади. Улар учун қанча мол-дунё сарф қилганингиз билан аслида таомнинг, эҳсоннинг ҳақдорлари қолиб қорни тўқлар еган таомда барака йўқдир. Хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш эканлиги тўғрисида Расули Акрам алайҳиссалом шундай деганлар: “Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”.
Халқимиз рўзғоридан орттирганини эҳсон қилишга шошилади. Лекин бу эҳсонлар жойига тушсагина, савоб оламиз, исрофга йўл қўйсак, аксинча, гуноҳкор бўлиб қолишимиз мумкин. Ҳолбуки, бугун баъзи ҳолатлардаги тангликларнинг асосий сабаби ҳам исрофдир. 
Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан: “Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир”, - дейилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Тадбирли бўлиш – ярим ризқ”, - деб марҳамат қилдилар. Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълум ва маъруфдирки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошиш, исроф, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
 
Ўткирхон Маҳмудов
Китоб тумани “Хожа Бухорий”  жоме масжиди имом ноиби