1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фолбинлик ва сеҳргарлик – оғир гуноҳ

5-02-2025, 10:16 128 Ўқиш режими + -
Жамиятда яна шундай иллат борки, бу иллат инсонни ҳам маънавий ҳам моддий қашшошлик сари етаклайди. Бу эса фолбинларга, сеҳргарларга ишонишдир. Айрим шахсларнинг наздида гўё дунёдаги барча муаммоларни мазкур фолбинлар ёки дуохонлар ҳал қиладигандек бўлиб кўринади. Аслида булар келтираётган зарари фақат одамларнинг вақти, соғлиги, моли ва ҳаракати бекорга кетаётгани билан чегараланиб қолмайди. Энг муҳими булар улкан маънавий зарарларга ҳам олиб боради. 
Муқаддас динимиз таълимотларига бундай ишлар оғир гуноҳ эканлиги, бу ишларни қилувчи ёки уларга ишонувчилар тездан тавба қилишлари буюрилади. Қатан ибн Қобийсадан, у киши эса отасидан ривоят қилади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Чизиқ чизиб, тош билан ва қуш билан фол очиш Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдандир”, дедилар”. Имом Насаий ривояти. Бошқа ҳадисда “Ким аррофга ёки коҳинга бориб, унинг айтганларини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди”, дейилган. Баъзи бир кишилар биз ишонмаймиз-у, лекин шундай бўлса ҳам бир бориб қўяверайлик-чи, деб фолбин ҳузурига бораверишади. Бу иш ҳам мутлақо тўғри эмас. Мўмин киши барча шубҳали нарсалардан узоқда юриши лозим. Халқ орасидаги “Фолга ишонма, фолсиз ҳам юрма” деган жумла атайин шу иш билан шуғулланувчилар томонидан тўқилган жоҳил сўздир. Фолга ишонмай туриб, фолбиннинг ҳузурига чора излаб бориш  ҳеч бир соғлом ақлга тўғри келмайди.
Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади», деганларини эшитдим». Тобароний ривоят қилган.
Ҳақиқий мўмин киши учун бир вақт намозининг қабул бўлмаслиги ҳам катта мусибатдир. Ҳақиқий мўмин киши учун тавбасининг бир сония қабул бўлмай қолиши ҳам оғир мусибат аслида. Киши ишонмаса ҳам фолбинга боришининг шариатда таъкидланиши маълум ҳикматга эгадир. Аввало, фолбинга ишонмаган одам унга бориб нима қилади? Ахир бу мантиқсиз ҳаракат-ку? Мўмин киши эса бундай ишлардан доимо узоқда бўлиши даркор. Иккинчидан, ким бир чуқурнинг атрофида айланаверса, бориб-бориб унга тушади. Шунингдек, фолбиннинг олдига борган шахснинг ҳам унга ишониб қолиш эҳтимоли кучаяди. Гуноҳга ботишнинг олдини олиш учун фолбинларга мутлақо мурожаат қилмаслик буюрилган. Мазкур маънавий жиноятларни қилувчилар нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам нуқсонга учрайдилар.
 
Ўткирхон Маҳмудов
Китоб тумани “Хожа Бухорий”  жоме масжиди имом ноиби