Аллоҳ таоло кичик-кичик қор заррачаларидан ҳаммаёқни оппоқ қорга белайди. Қор заррачалари Аллоҳнинг бир мўъжизасидир.
Осмондан чайқалиб тушаётган қор учқунларининг шакли бетакрордир. Қор зарраларининг бирортаси бошқасига ўхшамайди. Балки шунча қор зарралари орасида битта-иккита ўхшашлари бўлса керак, деган гумонга борарсиз. Йўқ, бир-бирига ўхшаш икки қор заррасини ҳеч тополмайсиз!
Қор заррачаларини Америкалик тадқиқотчи олим Вильсон Бентлей 50 йил давомида кузатди. У олиб борган кузатишлари натижасида қор зарралари санъат асари деган хулосага келди. Қор заррасини суратга туширишни санъат даражасига кўтарган олим умрининг ярмини шу ишга сарф этди.
Ҳар бир қор зарраси осмондан тушган мукаммал санъат асаридир. Ана шу бир дона қор заррасининг ўзиёқ инсон зотига Буюк яратувчи Аллоҳ таолони танишга кифоя қилади. "Яъни, Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Наҳл сураси, 11-оят).
Бир-бирини ҳеч такрорламайдиган, ўта нозик санъаткорлик билан яратилган қор заррасини кўриб, Аллоҳнинг санъатига қойил қолмай иложимиз йўқ.
Ҳар бир ишга қодир бўлган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин!
Руҳиддин Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими