“Жиҳод” сўзи арабча сўз бўлиб, унинг луғавий маъноси - бирор мақсад йўлида бор куч ва ғайратни сарф қилишдир. Ислом истилоҳи бўйича эса, жиҳод асосан уч хилдир. Биринчиси – нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гуноҳ ва жиноий ишларга қўл урмаслик. Иккинчиси – шайтон билан курашиш, яъни шайтоннинг васвасаларига учиб, ҳаром ва таъқиқланган ишларга қўл уришдан сақланиш. Учинчиси – Пайғамбаримиз ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар.
Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқимли касалликларга қарши жонбозлик билан курашишни ҳам жиҳод турларидан деб ҳисоблаганлар. Бир жангдан қайтаётиб Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Мана, энди кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик”, - деганларида, саҳобалар: “Яна жанг қиламизми?” – деб сўрайдилар. Жавобига Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, сизлар ўйлаган қуролли жанг эмас, нафс ва шайтон билан жанг қилишни назарда тутдим”.
Қуръон ва ҳадисларда қасам ичишнинг барча турларидан қайтарилган. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ношаърий қасам ичган киши қасамини бузсин”, - деганлар. Зарурий ҳоллардагина қасам ичишга рухсат этилади. Масалан, маҳкамада бирор ҳақиқатни исботлаш зарурати туғилса-ю, қасамдан бошқа далил-исбот бўлмаса, гувоҳлик берувчи ёки даъвогар қасам билан ўз сўзини исботлайди. Ҳозирги пайтда айрим экстремистик оқимларга аъзо бўлиб кирувчиларга ичирилаётган қасам ношаърийдир. Бу каби қасамларни бузиш мумкин.
Хулоса ўрнида, жиҳод — бу инсоннинг ўзи ва бошқалар учун яхши ишлар қилиш, адолатга амал қилиш ва тинчликка интилишдир. Радикал тоифалар эса бу тушунчани ўз манфаатлари йўлида бузиб, динни ва инсон ҳуқуқларини поймол қилмоқдалар. Ҳақиқий жиҳоднинг мақсади инсоннинг жамиятда яхши яшаши, адолат ва тинчликни таъминлашдир.
Музаффар Қосимов,“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасимаънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари