Инсон вафот этиши билан унинг охиратдаги янги ҳаёти бошланиши, яъни Қиёмат кунигача қабр ҳаёти – барзахда яшаши ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Шунинг учун мусулмонлар инсон ўлди, тамом, у энди бутунлай унутилди, демайдилар. Балки, бу дунёдан ўтган мўмин-мусулмонларга ҳурмат бажо келтириб, доимо дуолари, тиловатлари ва хайру-эҳсонларида ёд этадилар. Аллоҳ таоло ўтганларнинг ҳаққига дуо қилувчи мўминларни мақтаб шундай дейди:
رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِّلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَّحِيمٌ
“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси 10-оят).
Ўтганларни яхшилик билан ёдга олишнинг бир кўриниши уларнинг қабрларини зиёрат қилишдир. Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Қабр зиёрати жума, шанба, душанба ва пайшанба кунлари бўлгани яхши. Зиёрат ва дуо тик турган ҳолда бўлгани афзал.
Зиёратчи Ёсин сурасини қироат қилиши мандубдир. Буни «Ал Баҳрур-роиқ» китобининг соҳиби ва Зайлаъий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ким қабристонга кирганда Ёсин сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», деганлар.
Имом Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳоким Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсинни қироат қилинг», деганлар.
Шунингдек, Фотиҳа сураси, Бақара сурасининг аввалидан «муфлиҳун»гача, Оятул-Курсийни, «Аманар-расулу»ни, Мулк сурасини, Такаасур сурасини, «Қул аъуузу би Роббил фалақи» ҳамда «Қул аъуузу би Роббиннаси»ни уч мартадан ва Ихлос сурасини уч, етти ёки ўн бир марта ўқиса, яхши бўлади. Қироатнинг савобини ўтганларга бағишлаб дуо қилинади.
Ҳанафий мазҳаби уламолари маййитга ҳам, тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган.
Шунингдек, шофеъий мазҳаби уламолари ҳам агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, қироатнинг савоби маййитга етиб боришини айтишган.
Дорақутний келтирган ҳадисда: «Ким қабристонга кириб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади».
Барчага маълумки, инсон доимо ўлимни эслаши, бугунми, эртами унга йўлиқишини ёдда тутиши лозим. Бу иши уни кўп яхшиликлар қилишга ундайди, нафсини эса покланишга олиб келади. Умар (розияллоҳу анҳу) нинг узукларига ҳам «Ўлим ваъз-насиҳат олишга кифоя қилади, эй Умар», деб ёзилгани ривоят қилинган. Ўлимни эслаш учун энг қулай жой эса қабристондир.
Нормурод Шойимов
Китоб тумани "Севаз" жоме масжиди имом-хатиби