1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МАЗҲАБ ТУТИШ-НАЖОТ ЙЎЛИ

24-02-2025, 14:53 102 Ўқиш режими + -
Маълумки, ўтган минглаб уламоларимиз Ислом шариатини тўғри тушуниш ва умматга тўғри етказиш мақсадида бир мазҳабда туриб, қанча машаққат билан умр сарфлаб, ижтиҳод қилиб,ноёб илмий асарлар ёзишди. Мазкур асарлардан ҳозиргача ислом олами уламолари фойдаланиб, улар асосида янги китоблар тасниф этмоқдалар. Таассуфки, ҳозирги кунда айрим шахсларнинг ислом оламидаги забардаст, мужтаҳид уламоларнинг фатволарини бекорга чиқариб,ўзларича Қуръон ва суннатга эргашишни даъво қилиб, бирор мазҳабни тутмай “мазҳаб бидъатдир” деган ғояни илгари сураётганлари ҳеч кимга сир эмас.Бу билан улар ўзларининг қанчалик илмсиз ва калтафаҳм эканликларини кўрсатмоқдалар холос.
Аслида, мазҳабсизликнинг ўзи бидъат бўлиб, мазҳабни маҳкам тутишлик эса нажот йўлидир. Бу борада сўз юритишдан илгари “мазҳаб” сўзининг маъносига ва у англатадиган истилоҳий маънога эътиборимизни қаратсак. Мазҳаб сўзи луғатда “йўл”, “йўналиш” маъноларини англатса, истилоҳда шаръий далиллардан фатволар чиқаришда махсус усул ва қоидаларга таяниб иш кўрган мужтаҳиднинг йўлига айтилади. 
Ислом оламининг забардаст уламолари томонидан саҳобий ва тобиинларнинг фатволари жамланиб, уларни таҳлил қилиш орқали янги мазҳаблар вужудга келди ва бу мазҳаблар мазҳаб соҳибининг номи билан атала бошланди. Хусусан, Куфада Ҳанафий, Мадинада Моликий, Мисрда Шофиъий ва Бағдодда Ҳанбалий мазҳаблари пайдо бўлди.
Фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиш тарихини ўрганар эканмиз, ҳозирги кундаги баъзи мазҳабсизларнинг ёки сохта салафийларнинг: “Мазҳабга эргашиш бидъат”, “Имомга эргашиш суннатдан юз ўгиришдир” каби даъволари пуч эканини кўрамиз. Аксинча фиқҳий мазҳабларнинг тарихий илдизи буюк саҳобалар ва улуғ тобиинлар асос солган йўл эканига гувоҳ бўламиз.
Набий алайҳиссаломнинг саҳобалари илмда бир-биридан фарқ қилган. Баъзилар Абдуллоҳ ибн Аббосни, ироқликлар Ибн Масъудни, ҳижозликлар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумларни ўзларига ўрнак қилиб, уларнинг кўрсатмаларига риоя этиб яшашган. Аҳли илмлардан ҳеч ким уларнинг бу ишини қоралагани ёки бир шахсга тақлид қилганни гуноҳкорга чиқарганларини билмаймиз. 
Демак, бугунги кунимизда ҳам мусулмонлар, шунингдек, истинбот ва ижтиҳод қилиш даражасига етмаган олимлар учун бирор мужтаҳидга тақлид қилиш, билмаганларини сўрашдан бошқа чора йўқ. 
Шу ўринда диёримиз мусулмонлари Ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб, Имоми Аъзам (ҳанафий) мазҳаби кўрсатмасига риоя қилиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз зурур. Ўтган уламоларимизнинг деярли хаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдиришган. Шунинг учун ҳам бизнинг диёрларимизда асрлар давомида ҳанафий мазҳабига амал қилиб келинмоқда.
Дарҳақиқат Имоми Аъзам мазҳаби мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро хамжихатлигида, турли хуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, айрим ҳолларда юзага келадиган турли зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда. 
Бемазҳабликнинг ёйилиши Ислом динига хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид, энг аянчлиси, мусулмонларни бирлаштириб, жамлаб турган тўғри йўлга путур етказади. Бунинг натижасида эса, мусулмонлар орасида ўзаро парокандалик юзага келади. Бундай даъват мазҳаблар моҳияти ва қийматини умуман билмасликдан келиб чиқади. 
Мазҳабсизлар ўзларини бирор бир мазҳабга амал қилмасликларини даъво қиладилару, аслида ибодатларда тўрт мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Негаки, ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни чиқариб олишга етарли даражада илмий ва ақлий қувват лозим. Аслини олганда, мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломга эргашади, мужтаҳидларга тақлид қилади холос. 
Дарҳақиқат, ҳадис илмининг султонлари бўлган ва минглаб ҳадисларни ўрганиб, уларни жамлаб, ҳадис китобларини ёзган буюк муҳаддислар ҳам мазҳабда бўлганлар.
Мазҳабсизлик ғояси асрлар давомида ота-боболари амал қилиб келган ва ўзлари ҳам бутун ҳаёти давомида амал қилиб келаётган бирор мазҳабни тутган мусулмонлар оммасинингэътирозларига сабаб бўлади. Натижада жамият ҳаётида турли ихтилофлар келиб чиқади. Турли хил ихтилоф ва келишмовчилик таъсирида ўз яқинларидан, халқидан ва юртидан норози кайфиятда бўлган экстремизмга мойил кимсалар етишиб чиқади. Бундан эса, турли адашган гуруҳлар ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида унумли фойдаланади.Ҳозирги кунимизда ҳали ҳам юртдошларимиз ичида билиб-билмай ушбу ғоянинг таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд эканлиги ачинарли ҳол.
Шундай экан, ислом дунёсида тан олинган мазҳабларнинг асл моҳияти, уларнинг бебаҳо қиймати, хусусан, халқимиз азалдан амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабини халқимизга, айниқса ёшларимизга тушунтириш давр талабидир.
 
Раҳматилло УСМ)НОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби