1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МАЗҲАБСИЗЛАРНИНГ ПУЧ ҒОЯЛАРИГА ҚАРШИ РАДДИЯ

25-02-2025, 09:07 116 Ўқиш режими + -
Ислом оламининг  етук уламоларидан бири Саид Рамазон Бутий ҳазратлари ўзларининг “Бемазҳаблик ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” номли китобларида мазҳабсизликга тарғиб қилувчи кишиларнинг далилларини ўз китобларида келтириб, уларнинг даъволари ўринсиз ва пуч эканлигини  далил ва ҳужжатлар билан исботлаб берганлар. 
Бемазҳабларнинг далилларидан бири шундан иборатки:  
“Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир.” (“Ҳашр” сураси 7-оят.) 
Манашу ояти каримани далил қилиб, “Бизлар фақатгина Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган нарсаларнигина қилишимиз керак, мазҳабга эргашишни Аллоҳ таоло ҳам у зотнинг Расули ҳам ҳеч кимга буюрмаган” деган даъвони қилишади ва манабу ҳадиси шарифни далил қилишади:
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ислом беш нарса устига бино қилингандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бермоқлик ва намозни қоим қилмоқлик ва закотни бермоқлик ва ҳаж қилмоқлик ва рамазон рўзасини тутмоқлик”. (Муттафақун алайҳи.) Бемазҳаблар юқоридаги ояти карима ва мана шу ҳадиси шарифни далил қилиб Ислом дини ҳадиси шарифда айтилган ибодатлардангина иборат, Ислом динини ҳар қандай аъробий ҳам осонлик билан ўргана олади дейишади ва мужтаҳид уламолар тарафидан қилинган ижтиҳодий ҳукмларни уламоларнинг ўйлаб топган фикрларидир дейишади. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифни далил қилиб келтириб, ўзларининг ботил фикрларини қўллаб қувватламоқчи бўлишади. 
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бизни ишимиздан бўлмаган янги нарсани пайдо қилса, бас у қайтарилгандир.”- дедилар. (Муттафақун алайҳи.)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан кейин пайдо бўлган барча амалларни, ана шу амал хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон, барчасини залолатда дейишиб, ана шу яхши амалларни қилганларни ҳам куфру-залолатда айблашади. Уларнинг энг машҳур бўлган далилларидан яна бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳар бир бидъат залолатдир ва ҳар бир залолат дўзахдадир” – деб марҳамат қилган  ҳадисларини далил қилишиб, қанчадан – қанча Ислом дини учун хизмат қилган, Ислом динини равнақи учун минглаб китоблар ёзган уламоларимизни куфрда айблашган.
Бемазҳабларнинг бу каби ҳадисларни фақатгина зоҳирига қараб:  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан кейин пайдо бўлган яхши амалларни ҳам залолатга чиқариб  айтган гапларига қуйидаги ояти карималар ва ҳадиси шарифларни уламоларимиз уларга қарши раддия сифатида далил қилиб уларнинг сўзлари асоссиз эканлигини исботлаб берганлар: 
“Бас, ўзингиз билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (“Наҳл” сураси, 43 - оят).
Уламолар: ”Бу оят ҳукм ва унинг далилини билмайдиган кишилар, биладиган кишиларга эргашмоқлигига буюрилмоқда” деган гапга ижмо қилишган. 
Ҳақиқатда барча усул уламолари бу оятни (илмсиз)киши мужтаҳид  олимга тақлид қилиши кераклигига биринчи далил қилиб келтирадилар. 
“Мазҳаб деган нарса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган” деган гапларига келсак қуйидаги айни Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлган воқеа ижтиҳоднинг инкор қилиб бўлмас ҳақиқат эканига  яққол далил бўла олади:
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Ҳимс аҳлидан бўлган соҳибларидан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборишни ирода қилганларида:
“Сенга бир масала ориз бўлса қандай қилиб ҳукм чиқарасан?”-дедилар.
“Аллоҳнинг китоби ила”,-деди.
“Аллоҳнинг китобидан топмасанг-чи?”-дедилар
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ила”,-деди.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан ҳам, Аллоҳнинг китобидан ҳам топмасанг- чи?”-дедилар.
“Фикрим билан ижтиҳод қиламан, бўш келмайман”,- деди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўкрагига урдилар ва: “ Аллоҳ Расулининг вакилини Аллоҳнинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилгин Аллоҳга ҳамд бўлсин”,- дедилар”.
Абу Довуд ривоят қилган.
Агар мазҳабга эргашишлик баъзи шахслар айтаётганларидек ҳаром бўлганда  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни  ижтиҳод қилишликдан қайтарган ва барча инсонлар ўзлари ижтиҳод қилишлари керак, деган бўлар эдилар.
Тўртала мазҳабларнинг пайдо бўлиши бидъатдир, уларга эргашмоқлик ва тақлид қилмоқлик яна бир бидъатдир, деб жар солишнинг маъноси нима?
Нима учун тўртта мазҳабнинг пайдо бўлиши бидъат ҳисобланади-ю рай ва ҳадис мазҳаблари уларга ўхшаб бидъат ҳисобланмайди? 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
“Кимки бир яхши одатни чиқарса, бас, у киши учун қиёмат кунигача унинг ажри ва унга амал қилган кишиларнинг ажри бўлур. Кимки бир ёмон одатни чиқарса, бас, унга қиёмат кунигача унинг гуноҳи ва унга амал қилган кишиларнинг гуноҳи бўлур.” (Имоми Муслим ва Насоий ривояти.)          
Манашу ҳадиси шарифда очиқ – ойдин кўриниб турибдики, бидъатнинг яхши ва ёмони бўлишлигини ва киши ана шу амалига қараб савоб ёки гуноҳ олишлигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари то даври қиёматгача яшайдиган уммат учун таълим бердилар. Бу ҳақда ихтилоф қилишнинг бирор фойдаси йўқдир.
 
Ўткир Ғузаров
“Хожа Бухорий” ўрта махсус 
ислом таълим муассасаси мудири