Экстремистик ғоялардан эҳтиёт бўлинг
11303
26-02-2025, 09:17
252
Ўқиш режими
+
-
Экстремизм – диний ва дунёвий бўлиши ёки намоён бўлишига кўра – ҳудудий, минтақавий ва ҳалқаро шаклларга бўлинади. Экстремист гуруҳлар жуда чуқур илдизларга эга бўлиб, улар ҳеч қачон чегара билмаган, бирор дин ва миллат ҳаттоки бирорта мамлакат ҳудудини ҳам тан олмаган.
Экстремизм ислом оламида ҳам тарқалган бўлиб, улар қаерда фаолият кўрсатмасин, уларнинг асосий мақсади ислом динига асосланган «халифалик» давлатини барпо қилиш орқали давлатга эгалик қилишдир. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Халифалик мендан кейин ўттиз йил, сўнгра подшоҳлик ва амирликлар бўлади” деганлар. Имом Ибн Ҳиббон ривояти.
Улар ўзаро низолар, ихтилофлар келтириб чиқариб, қуролли тўқнашувлар орқали яъни қон тўкиш, зўравонлик билан мақсадига эришишни кўзлайдилар. Бу эса ҳар бир миллатнинг мустақиллигига, жамият тараққиётига катта ғов ҳисобланади. Улар ўзларини бузғунчи ғоялари, ҳаракатлари, ташкилотлари, моддий таъминлаш ва ташкилий тузилмалари фаолиятлари йиғиндисидан иборат бўлади. Экстремистик тузилмалар қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар, унинг асосий мақсади жангарилик йўли билан давлат ҳокимиятни қўлга олишдир.
Ислом динини ниқоб қилиб олган экстремистик гуруҳлар ўзининг икки хусусияти билан бошқа экстремистик гуруҳлардан ажралиб туради.
Биринчиси, уларнинг ақидаларига кўра, гўё барча ҳозирги замон исломга эътиқод қиладиган давлатлардаги мусулмонлар жамоалари исломий тусларини йўқотган бўлиб, жоҳилия (ислом кириб келишидан аввалги араблардаги маънавий бузилиш) даври ҳолатига айланиб қолган деб ҳисоблайди. Бундай ёндошув фаолиятдаги ҳукумат ва унинг олиб бораётган сиёсатини танқид қилишга асос қилиб олинади.
Иккинчидан, улар гўё, «ҳақиқий» мусулмонлар бўлиб, ўзларини ҳокимиятга келишлари учун барпо қиладиган «исломий тартибни» қарор топтиришнинг ягона йўли кескин ва жангарилик йўли билан агрессив ҳаракат қилиш лозим деб ҳисоблайдилар.
Аслида эса ислом экстремизми ғояларининг Марказий Осиёга кириб келишидан кўзланган асосий мақсад – диний қадриятларни қайтадан тиклаш эмас, балки ана шу ғоялардан фақат восита ва ниқоб сифатида фойдаланиш орқали минтақада беқарорликни, диний ва миллатлараро низоларни вужудга келтириш, иқтисодиётни турли йўллар билан издан чиқариш, иқтисодий инқирозни келтириб чиқариш орқали ҳукуматни кучсизлантириб обрўйини тўкишдир.
Бунда улар турли оммавий ахборот воситалари ёрдамида гўё “мамлакатда фуқароларнинг виждон эркинлиги борасидаги ҳуқуқлари бузилмоқда ва диний эътиқод поймол этилмоқда” каби даъволар билан ҳам конституцион ҳукуматга ишончсизликни келтириб чиқаришдир. Экстремизм ўзининг шундай ғаразли ҳаракатларида муқаддас Қуръони карим оятларидан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларидан фойдаланиб, исломнинг соф ғояларини жамиятга тадбиқ этиш эмас, балки юртдошларимизнинг эътиборларини чалғитиб ислом омили орқали хокимиятга интилишдан бошқа нарсани кўзламайди.
Ўткир Ғузаров
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мудири