Ҳаётимиздаги муқаддас тушунчалар қаторида оила-барқарорлиги мустаҳкамлиги алоҳида эътироф этилиши бежиз эмас. Оила муқаддас қўрғон бўлиб, ўзаро муносабатлардаги соғлом дунё қарашларнинг, келажакдаги орзу-умидларимизнинг кўзгусидир.
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта никоҳнинг олдини олиш, қариндош уруғчиликка асосланган никоҳларнинг салбий оқибатларини англаб етиш ва бунга йўл қўймаслик борасида тизимли ишларнинг йўлга қўйилиши – соғлом оилагина жамият бахтли бўла олишига асосланган ҳаракатларимизга мезон бўлади.
Президентимиз таъкидлаганларидек, баркамол, маънавий дунёқарашли ёшларни соғлом оила остонасига тайёрлашда биз фаол онахонлар, опа-сингилларга ишонамиз. Бу сўзлар ҳар биримизни сергак торттириши керак.
Очиқ тан олиш керакки, эрта турмуш билан боғлиқ ачинарли ҳолатлар барҳам топгани йуқ. Ҳали ҳаётга тайёр бўлмаган, бирор ҳунар ёки касбни танлаб улгурмаган, оила ҳақида тўлақонли тушунчаси етарли бўлмаган ёшларни шошилинч оила, никоҳга йўналтириш орқали нимага эришамиз.
Бир мисол. Икки хонадон ўзаро қариндошликни мустаҳкамлаш мақсадида икки ёшни никоҳлаб қўйдилар. Орадан уч ой ўтмасдан келин қайнонага ёқмай қолди. Келинни уқувсизликда, рўзғор ишларида сусткашликда тез-тез касал бўлиб қолаверишида айблаб, оилани ажрим остонасига келиб қолишига сабабчи бўлиб қолди.
Яна бир мисол. Эрта турмуш натижасида дунёга келган гўдакнинг айби нимада... Ёки, эрта турмуш оқибатида хасталаниб руҳан тушкунликка тушган келиннинг тақдири учун ким жавоб беради.
Саволлар кўп... Бундай салбий оқибатларни олдини олишда ҳамкорликда иш тутайлик. Тезроқ ўғил уйлантирай деб шошма-шошарлик билан иш тутаётганлар оқибатида бахтсиз қилиб қўяётган оналар билан олдиндан ишлайлик. Маҳаллаларимиздаги бу борада амалга оширилаётган тизимли ишларимизда, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатларимизда шу каби долзарб мавзуларга кўпроқ эътибор қаратайлик.
Оила бахт ошёни бўлсин,
Эзгуликнинг даврони бўлсин.
Фарзанд бахти-нурафшон тахти,
Саодатли кунларга тўлсин!
Озода Тоғаева,
Ғузор туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар
масалалари бўййича ўринбосари