1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Она соғлиғи-боланинг бахти

23-04-2025, 11:08 118 Ўқиш режими + -
Энг нозик ҳилқат бўлмиш аёлни таъбир жоиз бўлса, она табиатга менгзагим келади. Бағрида турфа набототу жонзотни асрагувчи муқаддас замин сизу бизнинг ҳам онамиз. Чунки зотимиз яралишида тупроқ жинси, сув, ҳаво ва иссиқлик манбаи зарур бўлган. Она вужудида улғаядиган боланинг ривожланиш жараёнида ҳам нақадар мураккаб биологик ўзгаришлар босқичма-босқич алмашинувини бир ўйлаб, фикрлаб кўрайлик. Она ва боланинг саломатлиги учун нафақат бир қатор витаминлар ҳамда минерал моддалар заруратидан ташқари, алоҳида эътибор, меҳр деган инсоний туйғулар ғоятда муҳим деб ҳисоблайман.
Ҳеч эскирмайдиган яна бир мавзу-одам наслининг соғлиғи, баркамоллиги, ақлан теранлиги учун оилаларда ҳомиладор аёлларга эътибор етарлими?
Туғруқхонанинг кутиш залида ўтирибман. Назаримда аёлини шифокор назоратига олиб келган ёшгина йигит ва эллик ёшлар чамаси аёлнинг ўзаро суҳбатини беихтиёр қайсар қулоқларим «ўғирлади».
-Дўхтирнинг гапини эшитдингми? Нима эмиш, келин узоқ даволанмаса, буйраклари қисилиб, давленияси ошиб борувурармиш. Бола туғилгунча кўўўп укол-дорилар керакмиш. Бизга касалманд қизини ўтказган онаси қарасин энди. Бу хотининг брак экан-ку! Одам бўлмайди бу, туққан боласи ҳам пишакваччадай нимжон бўлса, умрим баннисама-банниса ўтарканда. Сени топганинг ҳавога учаркан-да-а.
Чеккароқ қишлоқда яшайдиган қайнонанинг не-не ваъдалар билан туширган келинини инвалидга чиқариб қўйиши нафратни қўзғатади. Мустақил фикри йўқ, онанинг чизиғидан чиқолмайдиган ўғлининг гапларини эшитмаган маъқул. Ахир аёл учун доимо тиббий ёрдам олиш имконини  яратадиган оила аъзолари эмасми! Туғруққа фақат аёлнинг ўзигина эмас, оиласидагилар-эри, унинг ота-оналари, бошқалар ҳам жиддий эътибор беришлари зарур. Кўзи ёригандан кейин аёлга алоҳида тартиб, парвариш, керак бўлади. Бу тартиблар бузилса, турли асоратлар юзага келиши мумкин. Бу эса она ва бола ҳаёти учун ҳам хавфлидир. Чилла даврининг меъёрда кечишида аёлнинг туғруқдан кейин организмида кечаётган ўзгаришлардан воқиф бўлиш, махсус режим ҳамда яхши шифокор кўрсатмаларига, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиши аҳамиятлидир. Муҳими,  бу даврда оналик ҳисси ва шунга мувофиқ аёл феъл-атворида ўзгаришлар шаклланади. У ўзига келиб олиши, руҳияти тетиклашишиб, чақалоққа сифатли сут етказиб бериши лозимлигини ҳамма ҳис қиладими?
Она сутининг миқдори ва сифати аёлнинг истеъмол қилаётган овқати таркибига боғлиқ. Эмизикли аёлга гўшт-сут маҳсулотлари, турли ёрмалар ва ҳўл мевалардан иборат озуқани таъминлаш ҳамма оилаларда меъёридами?
Янги туққан аёл кўкрагидан дастлабки кунлари келадиган ширали, қуюқ сут оғиз сути бўлиб, таркибида осон ҳазм бўладиган оқсил моддалар, углеводлар, керакли микроэлементлар ва ёғ етарли даражада табиий неъматдир. Келажагимиз давомчилари табиий озуқадан баҳраманд бўлиб, тетиклашиб олиши учун унинг онасини эҳтиёт қилмоқ керак, азизлар. Бу ҳақда кўп айтиляпди, аммо ҳамма оилада ҳам илиқ муносабат йўқлигини кўряпмиз. Ўз фарзандига табиатнинг мўъжизаси-сут орқали бутун борлиғини берадиган ёш оналар саломатлиги, руҳий хотиржамлиги ёши катта қайноналарни қизиқтирганда эди, вазият ижобий бўларди. 
Кўзимизнинг нуридийдаси, чақалоқлар бор уйда ҳар биримиз оналарига яхши шароит яратиб, уларни авайлашимиз зарур. Шундагина «Она соғлиғи-боланинг бахти» деган ҳикматни мақолга амал қилган бўламиз.
«Болани жуда кеч олиб келибсиз, яна бир кун кечикканингизда унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмас эди», деб жонлаштириш бўлимига ётқизаётган, териси сувсизланиб, лаблари қақшаган гўдакка надомат билан термулиб, муолажаларни бошлаётган шифокор ичидан нелар ўтаяпди? Кўзларидан дув-дув ёш тўкиб, кўкрак қафасини тепаётган юрагини овутолмаётган, чорасиз мўлтираётган онадан нималар ўтаётгани бир мушоҳада қилайлик.
Агар қайнона ўзича табиблик қилиб, ичи кетиб, қусаётган набираси ҳаёти учун жони-жаҳонини берганида «духтирга олиб борайлик», деб ёлворган келинига қулоқ тутганда вазият бундай бўлмасди.
Энг ёмони-лоқайдлик, илмсизлик, пул кетишидан қўрқиш бор оилаларда. Ҳозир аҳоли орасида шифокорлар, патронаж ҳамширалари, маҳалла маслаҳатчилари ва фаоллари томонидан тез-тез суҳбат ўтказилса, бола касалланишида кузатиладиган баъзи бир ҳолатларни дарҳол шифокорга мурожаат қилинса, кўнгилсиз вазият барҳам топади.
 
М.Мамаюсупова,
Косон туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар 
масалалари бўйича ёрдамчиси