Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда айрим шахслар бемазҳабликни тарғиб қилмоқдалар. Улар бемазҳабликни тарғиб қилиш йўлида “Аҳли сунна вал-жамоа” мазҳабини ва мазҳаб бошиларини айбламоқчи бўладилар. Улар ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан дарс бериб, уни омма олдида қадрсизлантиришга, далилларига нисбатан ишончсизлик руҳиятини уйғотишга уринади. Мазҳаббошиларни Аллоҳ ва диндорлар орасидаги “ўртакашлар” деб номлаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабга эргашишни шахсга сиғиниш даражасига кўтаради.
Мазҳаббошиларни айбловчиларнинг ўз олдига қўйган ғаразли мақсади бор. Ана шу мақсадни амалга ошириш учун бошқа мўмин-мусулмонларга мазҳаб ва мазҳаббошиларни айблаб, уларни мазҳабсизликка чақирадилар.
Уларнинг ғаразли мақсади шуки, мўмин-мусулмонларга мазҳаббошиларни ва уларнинг мазҳабини айблаб, уларни бемазҳаб қилиш, сўнгра эса мусулмонларни тушкун аҳволга тушириш ва уларга зулм қилинаётганини иддао қилиб, жиҳодни, ҳижратни, шаҳидликни тарғиб қилиш ва мусулмонларнинг тинчлик-хотиржамлигини йўқотиб, уларнинг ҳалокат сари етаклашдир.
Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин бир-икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз” дейдилар. Бу гапларни айтаётган кишилар мазҳаб борасида илмлари йўқлигини билдиради.
Фикримизнинг далили, Аллоҳ таолонинг “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг”(Наҳл сураси, 43-оят), деган амридир. Уламолар ижмо қилганларки, бу оят ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган кишиларни ўша нарсаларни биладиган кишиларга тобе бўлишга буюрмоқда. Дарҳақиқат, барча усул уламолари бу оятни саводсиз одам мужтаҳид олимга тақлид қилиши кераклигига биринчи далил ўлароқ келтирадилар.
Улуғ алломалар ҳам ўз даврида муайян бир мазҳабда бўлганлар. Имом Яҳё ибн Маъин машҳур муҳаддисларнинг устози ҳисобланадилар. У зотнинг илми ҳадисларни ва барча ровийларини тўла қамраб олганидан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Яҳё ибн Маъин билмаган ҳадис – ҳадис эмас”, – деганлар.
Яҳё ибн Маъин шундай дейдилар: “Мен қироатда – Ҳамзанинг қироатида, фиқҳда эса Абу Ҳанифанинг мазҳабидаман”.
Инсон ҳаётда ўзи танлаган йўлдан юради. Бу танланган йўл эса инсоннинг тақдирини ҳал қилади. Агар инсон ҳаётда яхшилик йўлини танлаган бўлса, у бахт-саодатга эришади. Мабодо, инсон танлаган йўл ёмонлик йўли бўлса, унда бу йўл инсонга бахтсизлик олиб келади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Биз ун(инсон)га икки кўзни бермадикми ва унга тил ва лабни бермадикми ва уни икки йўл (давон)га йўллаб қўймадикми?” (Балад сураси, 8-10-оятлар). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири Ҳилол”да: “Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъмати – инсоннинг яхши-ёмонни, оқу-қорани, савоб-гуноҳни ажратиш хусусиятини бериб қўйгани ҳамда яхшилик йўлини ва у қаёққа олиб боришини, ёмон йўлини ва у қаёққа олиб боришини кўрсатиб қўйганидир. Демак, инсон ёмонлик йўлини тарк этиб, доимо яхшилик йўлида юриб, ҳавойи нафсга эрк бермай, тўғри йўлдан қийинчиликларни енгиб бормоғи лозим” дейилади.
Инсон ихтиёридаги йўлларнинг бири тўғрилик йўли бўлса, ундан бошқалари залолат йўллардир. "Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) узун бир чизиқ чиздилар ва: "Бу Аллоҳнинг тўғри йўли" - дедилар. Кейин унинг атрофига бир нечта майда чизиқлар тортдилар ва: "Бу залолат йўллари, бу йўлларнинг бошида Шайтон турибди" деб огоҳлантирдилар. ( Имом Аҳмад ривояти).
Барчамизга маълумки, “Аллоҳнинг тўғри йўли” бу “Аҳли сунна-вал-жамоа” тутган йўлдир. Бу йўлдан бошқа йўллар эса ҳар хил адашган оқим, фирқалар танлаган залолат йўллардир. Бу адашган оқим, фирқалар танлаган йўлларининг бошида эса Шайтон турибди.
Аллоҳ таоло барчамизни турли хил адашишликлардан асраб, Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!
А. Усмонов