Ҳар бир инсон ҳаётида шукур қилишга арзийдиган нарсалар бор. Балки баъзи пайтларда қийинчиликлар, синовлар остида қолганимизда, шу нарсаларни англаш қийиндек туюлар. Лекин қалб софлиги, иймон кучлилиги инсонни ҳар қандай шароитда ҳам шукур қилишга ундайди. Чунки шукр — нафақат неъмат учун, балки синов учун ҳам Аллоҳга яқинлашишдир.
Шукр қилган инсоннинг қалби хотиржам, дили соф ва кўнгли равшан бўлади. У доимо боридан рози, камтар ва самимий яшайди. Ҳаётда катта неъматларга эришиш ҳам, сабр билан кичик нарсаларга қаноат қилиш ҳам инсоннинг шукр қилиш қобилиятига боғлиқ. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: " Қасамки агар берган неьматларимга шукур қилсангизлар албатта (уларни янада ) зиёда килурман . Энди агар куфрона (неъмат ) қилсангизлар, албатта азобим хам жуда қаттиқдир" (Иброҳим сураси, 7-оят).
Шукр инсонни ҳасад ва бефарқликдан сақлайди. Баъзан инсон бошқаларда бор нарсани кўриб, ўзини бахтсиз ҳис қилади. Лекин шукр қилган инсон эса ўзининг бор неъматини қадрлайди ва боридан хурсанд бўлади. Шу тариқа қалби ором топади, руҳи баланд бўлади.
Аслида шукр фақат тилда эмас, амалда ҳам намоён бўлади. Оила аъзоларига меҳр ва окибатли бўлиш қўллаб-қувватлаш, муҳтожларга ёрдам бериш — буларнинг барчаси шукр аломатларидир. Бундай инсон жамиятда ҳам ҳурматли, оилада ҳам самимий ва бағрикенг бўлади.Ҳар биримиз ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасида шукр қилишни ўрганишимиз керак.
Бугун нафас олаётганимизни, оилаларимиз соғ-омон эканини, қалбимизда иймон борлигини қадрлайлик. Чунки бор неъматни қадрлаган инсон яна кўп неъматларга эришади. Шукр инсонни камтар, тоза ва сабрли қилади. У қалбларни бирлаштиради, ҳаётга маъно беради. Шукр қилган инсон ҳаётда ҳамиша омадли ва хотиржам бўлади.
Шохиста Абдуллаева,Шаҳрисабз туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари