Интернет тармоқларида “жиҳод” сўзини ғаразли мақсадда нотўғри талқин қиладиган айрим кишилар учрамоқда.
Аслида, “жиҳод” сўзи қандай маънони англатади?
Ўзбек тилида араб тилидан кирган “жаҳд” деган сўз бор. “Жаҳд” сўзини ўзаро суҳбатларимизда кўп ишлатамиз. Масалан, “Жаҳд қилиб келдим”, “жаҳд қилиб илм ўрганаяпман” деганга ўхшаш. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “жаҳд” сўзининг маъноси ҳақида шундай дейилади: “Жаҳд (арабча)-ҳаракат; зўр бериш, ғайрат. Жаҳд билан ишламоқ, жаҳд қилмоқ[1]”. “Жаҳд” сўзи билан биз маъносига диққатни қаратмоқчи бўлган “жиҳод” сўзи ўзакдош сўзлардир. “Жиҳод” ва “жаҳд” арабча сўзлар аслида жаҳада феълидан олинган бўлиб, бу феъл ҳақида луғатда: “Жаҳада-ҳаракат қилмоқ, интилмоқ; меҳнат қилмоқ, зўр бермоқ, куч сарфламоқ, (қийинчиликлар билан) курашмоқ[2]”. “Жаҳада” феълидан келиб чиққан ҳолда “жиҳод” сўзи ўзбек тилида “ жаҳд қилишлик”, “ғайрат қилишлик”, “жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқ” маъноларини англатади.
“Ислом.уз” сайтида берилган “Жиҳод нима?” деган мақолада жиҳод сўзига таъриф берилиб: “Афсуски жиҳод сўзи мусулмон бўлмаган жамиятларда тушунмасликдан ёки атайлаб ёлғондан нотўғри талқин қилиниб келади. Унинг ўзагида жаҳада (куч сарфлаш, қаттиқ тиришиш) феъли ётади. Шундай қилиб, жиҳод куч сарфлаш астойдил ҳаракат қилиш, яъни бу сўз кенг маънони ўз ичи олади, унга фақат ҳарбий маъно бериш тўғри эмас. Жиҳод сузи диний маънода «Аллоҳ хоҳишини бажаришда бор кучини сарфлаш, ҳаракат қилиш» маъносини билдиради. Бундан келиб чиқиб «мужоҳид» дегани –Аллоҳнинг ҳукмларини амалга оширишда бор имкониятдан фойдаланиб кучини сарфлайдиган кишига айтилади. Қўл жиҳоди-қонунбузарликни тўхтатишга қаратилган ҳаракат, қалб жиҳоди-ўз нафси билан курашиш, тил жиҳоди-амри маъруф наҳйи мункар, яхшиликка чақириш ёмонликдан қайтариш, Сўз ёки қалам жиҳоди диний тарғибот ва маърифат тарқатиш ҳаракати, динни турли ҳужумлардан сақлаш ва ҳаказо. Бу маънода жиҳод - мусулмоннинг барчага мумкин бўлган ва аҳдларга вафо қилган, ўзи яшаб турган мамлакатни қонунларига риоя қилган ҳолда бажариши лозим бўлган шахсий иши ва диний мажбурияти (фарз)дир[3]”дейилади. “Жиҳод” сўзининг маъноси ҳақида “Ислом энциклопедияси” китобида жиҳод ҳақида шундай дейилади: “Жиҳод” сўзи араб тили луғатида “уруш” маъносини бермайди. Араб тилида “уруш” маъноси “қитол” сўзи орқали ифода этилади. Исломда жиҳод аввало, уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Инсоннинг ҳавойи нафс кўйига кирмаслиги, уни енгиб, шариатга мувофиқ яшаш учун жон-жаҳди билан қилган ҳаракати, ҳақ сўзнинг жойини топиб айтиши ҳам жиҳодга киради. Фарзанднингота-онаси хизматида бўлиши ҳам жиҳоддир[4]”. Юқоридагилардан шундай хулоса қиламизки, “жиҳод” сўзи ўзбек тилида “уруш”, “жанг” маъноларини англатмайди, балки у бирор ишга нисбатан “жаҳд қилиш”, “ ғайрат қилиш”, “зўр бериб ҳаракат қилмоқ” деган маъноларни англатади.
Р. Акбаров.
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими
[1] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Т. 2008. 2-жилд. 17-бет. [2] Аннаъумул-кабийр” . “Наманган” нашриёти. 118-бет. [3][3] Ислом уз. Сайти. “Жиҳод нима?. мақоласи [4] Ислом энциклопедияси. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”Давлат илмий нашриёти. 2017.164-бет.