Донишмандлар айтишларича, дўстлар икки хил бўлади. Улар бири чин дўст бўлса, иккинчиси эса сохта дўст.
Чин дўст инсоннинг жон ошносидир. У инсоннинг икки дунёлик, бошқача қилиб айтадиган бўлсак, қиёматлик дўстидир. Қиёматлик дўст топган киши дунёда энг бахтиёр кишидир. Ундай дўстлар кам бўлади.
Дўстликнинг иккинчи хили сохта дўстликдир. Сохта дўстнинг кўринишлари кўп. Уларнинг дўстлиги мол-давлатга, обрўга, маишатга, мансабга, улфатчиликка, фойдага бўлади. Қачон инсондан мол-давлат, обрў, мансаб, фойда кетса, бу сохта дўстлар ғойиб бўлади. Шунинг учун ҳам сохта дўстнинг сони кўп бўлади.
Инсон учун берилган энг яхши неъматларнинг бири муносиб дўстдир. Аллоҳ таоло ўзи учун дўстлашган кишиларни қиёмат куни аршининг соясида соялантиради. Дўст дўстнинг айбларини гапиришдан, у билан талашиб тортишишдан ва дўст сирини бировга фош қилишдан тийилиши лозим. Ҳадисда: “Кимки дўстини хожатини раво қилса, унинг ҳожатини Аллоҳ таоло раво қилади. Кимки бир дўстини ғамини кетказса, уни ғамини Аллоҳ таоло кетказади. Кимки бир дўстини айбини беркитса, уни айбини Аллоҳ таоло беркитади” дейилади.
Инсон ўз дўсти билан уч кундан ортиқ хафалашиши, гина-кудурат қилиши яхши ҳисобланмайди. Инсон ўз дўсти айбини кечириб яшаши лозимдир. Пайғамбар (с.а.в.): “Бир киши ўз дўсти билан уч кундан ортиқ гина сақлаши ҳалол эмас”дедилар. Дўстнинг ғам-ғуссасидан суюниш душманлик аломати бўлиб, у ичи қора кишиларнинг ишидир. Пайғамбар (с.а.в.): “Дўстингни бахтсизлигига суюнма, Аллоҳ таоло унга ўз марҳаматини, кейин эса сенга эса ўз офату балосини юборади” дедилар. Ҳазрат Али айтадилар: “Дўстларнинг ёмони дўстини тангликка солади. Муросага муҳтож қилади ва узр айитишга мажбур қилади” дедилар.
Жалолиддин Румий: “Ким дўстлар билан ўтириб-турса, жаҳаннам бўлса ҳам, гулзордадир. Аммо душман билан ош-қатиқ бўлган кимса гулзорда бўлса ҳам дўзахдадир. “Биз, мен” деб дўстни ранжитмаки, ҳеч ким душманинг бўлмасин! Аллоҳ йўлида халққа хайр қил ва доимо кўзингга дўст кўринсин, адоват туфайли кўнглингга ёмон гап келмасин! Бирор кишига душман бўлдингми, ундан узоқроқ юр. Сени қадрловчи дўст билан кўриш, у билан маслаҳатлаш!” дейди.
Дўстдан айб қидирган одамнинг дўстлари бўлиши қийин, чунки беайб парвардигордир. Инсон бошқа инсонлар билан бўлган дўстлигини мустаҳкамлаб бориши лозим. Дўстлар билан очиқ юз билан қўл ушлашиб кўришиш, уларга совға саломлар бериш, инсонлар орасидаги меҳр-муҳаббатни, дўстликни мустаҳкамлайди. Ҳадисда: “Ўзаро қўл ушлашиб кўришинглар нафрат кетади. Ўзаро ҳадя улашинглар бир-бирларингизга меҳр –муҳуббат уйғонади”дейилади.
Инсонлар бир-бирлари билан дўстлашганларида ўзаро меҳр-муҳаббатни кучайтирадилар. Инсонларнинг дўстлиги эса жамият кишилари орасида хотиржамлик, ўзаро иноқликни таъминлайди.
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими