Араб тилида масжид деб барча мусулмонлар бошини саждага қўядиган маконга нисбатан айтилади. Шу маънода ҳозирги ибодатга хосланган ўринларга "Масжид" дейилади. Қолаверса, ҳар кимни ўз уйида намоз ўқиб сажда қиладиган жойга эса "Масжад" деб юритилади.
Масжидлар Роббул оламинни мўмин бандаларини савоблар, мукофотлар билан сийлайдиган уйлари ҳисобланади. Ўйлаб кўрайлик, агар уйимизга суйган меҳмонимиз келса ҳурсанд қилиб, кўнглини овлаб кузатамизми ёки қуруқ қўл билан шунчаки кузатамизми? Ҳудди шунингдек масжидлар ҳам меҳрибон Роббимизнинг савоб улашадиган жойларидир.
Ҳадиси шарифларда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар жаннат чаманзорларини олдидан ўтсаларингиз ўтлаб қолинг (яъни, масжидлар ўтлар ғарқ ўсган чаманзорга ўхшатилгани учун ўтлаб ҳузурланиш ишлатилди)лар!” дедилар. Шунда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: "Жаннат чаманзорлари қаер?" дедилар. Росулуллоҳ: "Масжидлар", деб жавоб бердилар. Яна: "Ундай бўлса ўтлаш нима дегани?" деб сўрадилар. Пайғамбаримиз: "Субҳаналлоҳ, валҳамду лиллаҳ ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар", дедилар. (Имом Термизий ривояти.)
Юқоридаги ҳадисда келган зикрни ёки ёд олинган бошқа зикрларни имкон қадар қилинса Аллоҳ таоло улкан ажр мукофотлар беради. Шу ўринда Мулла Алий қори "Мирқотул мафотиҳ шарҳи Мушкотул масобиҳ" китобларида қуйидаги гапни айтадилар: "Уламоларимиз: масжидга намоз ўқиш мумкин бўлмаган вақт (макруҳ вақт)да кириб қолган киши Аллоҳни зикр қилиши Таҳийятул масжид (масжидга кирганда ўқиладиган икки раъкат намоз) намозини ўқигандек бўлади, деганлар", деб келтирадилар.
Масжидлар телефон ўйнаб бекор ўтирадиган, ёки қандайдир фойдасиз нарсаларни гаплашиб ўтирадиган жой эмас, аксинча охиратга савобли амаллар қилиб қолиш учун яхши бир фурсат бериладиган муборак макон эканини унутмаслигимиз керак.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда мустаҳкам, оғишмайдиган бандаларидан қилсин!
Анасхон ТУРДИБАЕВХожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси