1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Муфтий ҳазрат: Ҳожиларга хизмат қилиш – ҳам шараф, ҳам масъулият!

8-05-2025, 10:16 322 Ўқиш режими + -
Бугун, 7 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида “Ҳаж – 2025” мавсумида ҳожиларга хизмат кўрсатувчи элликбошиларнинг видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

🗣Тадбир аввалида Муфтий ҳазратлари элликбошиларни мазкур вазифага тайинланганлари билан муборакбод этиш баробарида жорий йилда ҳожиларга хизмат қилиш учун 14 нафар мингбоши, 303 нафар элликбоши, шунингдек, ишчи гуруҳи, шифокор ва ошпазлар жамоаси жалб қилинганини маълум қилдилар.

Муфтий ҳазратлари гуруҳ раҳбарларига зиёратчиларга Исломнинг бешинчи арконини бажартиришга масъул эканини ҳис қилган ҳолда қуйидаги масалаларга жиддий эътибор бериш лозимлигини қайд этдилар: 

• ҳаж амаллари қандай бажарилиши (тартиб-қоидалари, фарз, вожиб ва суннатларини) ҳожиларга тушунтириш;

• янги фиқҳий масалалар баён этилган китоблардан бохабар этиш;

• Фатво маркази томонидан эълон қилинаётган муҳим фатволардан хабардор қилиш.
⚡️ Учрашув давомида бу йил ҳажга доир саволлар учун махсус Колл-марказ ва Телеграм бот ишга туширилгани, зиёратчиларга Мадина шаҳрида махсус бейджик-битоқа берилиши ва уни доим тақиб юриши зарурлиги айтиб ўтилди. 

🌙 Мажлисда Муфтий ҳазратлари Ҳаж ва умра қилувчи кишилар Аллоҳ таолонинг меҳмони эканини баён этиб, жумладан бундай дедилар: 

– Ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ ажру савобларга ноил бўлади, иншоаллоҳ. Шу боис ҳар бир элликбоши ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилиши лозим.  Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилганлар: “Ҳожилар ва умрачилар Аллоҳнинг меҳмонларидир. Агар Аллоҳга дуо қилсалар, уларнинг (дуоларини) ижобат қилур. Агар Аллоҳга истиғфор айтсалар, уларни мағфират қилур” (Имом Ибн Можа ривояти).

✅ Йиғилишда зиёратчиларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида Макка ва Мадина шаҳарларидаги ҳаж ишчи гуруҳи фаолият олиб бораётгани, авиақатновлар жадвали тасдиқлангани, меҳмонхоналар зиёратчиларни кутиб олишга шай ҳолга келтирилгани, Мино, Арафот ва Муздалифадаги жойлар кўздан кечирилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

💬Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Обиджон Қодиров, Шифокорлар гуруҳи раҳбари Алишер Саатов сўзга чиқиб, ташкилий ишлар, тиббий жиҳатлар, хат-ҳужжатлар, жамоавий тартиб-интизомга риоя этиш, қонун-қоидаларга амал қилиш, ҳожилар хавфсизлини таъминлаш ва огоҳликга оид муҳим тавсияларни бердилар.
🤲 Тадбир якунида Ҳақ таолодан бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
✅ Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати