Дунёда шундай ишлар борки, у ишлар Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишлардир. Шундай ишлардан бири бир мўмин-мусулмоннинг кўнглини шод қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда Ибни Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
عن ابن عباس أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال:
- (إن أحب الأعمال إلى الله تعالى بعد الفرائض إدخال السرور على المسلم)
“Аҳаббул-аъмали илаллоҳи таъало баъдал фароизи идхулул сурури алал-муслим”. Таржимаси: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Аллоҳ таолога фарз ибодатларидан кейин энг мақбул иш-мусулмон кишининг кўнглига сурур (хурсандчилик) етказишдир”.
Дарҳақиқат,ўзга кишининг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш хайрли амаллардандир. Ҳазрати Алишер Навоий қуйидаги байтда бу ҳақда шундай ёзиб қолдирганлар:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай-
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Мусулмоннинг кўнглига озор бериш эса, ўз навбатида хунук ишлардандир. Бу ҳақда халқимизда шундай бир мақол бор:
“Дил озордан худо безор”.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга озор беришдан сақлаб, Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишларни қилишга муваффақ айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими