1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

СЕҲРГАР АЛЛОҲНИНГ ИЗНИСИЗ ЗАРАР ЕТКАЗА ОЛМАСЛИГИ

17-05-2025, 15:04 205 Ўқиш режими + -
Аниқ биламизки, борлиқдаги бирон куч Аллоҳ жалла ва аълонинг изнисиз бировга фойда ё зарар етказишга қодир эмас.
Бу гапнинг асоси Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир:
“Улар Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар” (Бақара: 102).
Аллоҳу акбар! Аллоҳ истаган иш бўлади, истамаса бўлмайди.
Оламдаги барча сеҳргарлар йиғилиб, бировга зарар етказмоқчи бўлишса, Аллоҳ изн бермаса, асло бунга қодир бўлмайдилар.
Шундай экан, қалбингизни подшоҳлар подшоҳи, осмонлару ернинг ёлғиз эгаси Аллоҳга буринг, унга таваккул қилинг ва унга ишонинг. Ёлғиз угина паноҳ берувчи ва асровчидир.
Ким унга таваккул қилса, ўзи кифоя қилади, ким унга боғланса, ўзи нажот беради, ким ишини унга топширса, ўзи уни йўллаб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ Ўз бандасига (барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?!” (Зумар: 36).
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга етарлидир” (Талоқ: 3).
Имом Жавзий раҳимаҳуллоҳ “Талбису иблис” номли қимматли китобида шундай гўзал сўзларни келтиради:
Салафларнинг биридан ҳикоя қилинишича, у шогирдидан: “Агар шайтон сени гуноҳларга бошласа, нима қиласан?”, деб сўради.
“Унга қарши қаттиқ қаршилик  қиламан”, жавоб берди шогирд.
“Агар яна қайтиб келса-чи?”, сўради устоз.
“Яна қарши қаттиқ қаршилик қиламан”, жавоб берди шогирд.
“Агар яна қайтиб келса-чи?”, сўради устоз.
“Яна қаттиқ   қаршилик қиламан”, жавоб берди шогирд.
Шунда устоз деди: “У ҳолда жуда чўзилиб кетади, эй болам. Лекин, сен қўйлар суруви ёнидан ўтаётганингда сурувнинг итлари сенга қараб ҳурса ё ўтиб кетишингга қўймаса, нима қиласан? Улар билан урушасанми?! Бу жуда чўзилиб кетадиган иш бўлади. Ундан кўра, сен сурувнинг эгасини ёрдамга чақир, унинг ўзи итларини тийиб қўяди”.
Бас, шундай экан, азиз талабалар, Аллоҳдан ёрдам сўранг, унинг паноҳига қочинг. Шугина мустаҳкам қалъа ва ўтиб бўлмас истеҳкомдир. Яратувчимиз бўлган Зот бизнинг заифлигимизни, ожизлигимизни билади. Шу боис У бизга сеҳр ва жин-шайтонлардан сақланадиган қўрғон ва қалъалар бериб қўйди. Бироқ, кўпларимиз то бошимизга дард келиб етмагунича унинг олдини олишга бепарволик қиламиз. Суҳбатимиз давоми сеҳр ва сеҳргарлардан сақланиш йўллари ҳақида бораркан Аллоҳ бизни ўзининг паноҳида асрасин ва сақланиш йўлларини ҳам равшан баён қилиб берсин, дуоларимизни ижобат айлаб сеҳрни ва сеҳргарни зарарларига тушиб қолишликдан ўзи асрасин ва нажот топгувчилардан қилсин.
  
Давоми бор...
 
 
Абдуғани БОЗОРОВ
Хожа Бухорий номли таълим муассасининг
тафсир фани ўқитувчиси