1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Таваккал қил”

22-05-2025, 08:32 229 Ўқиш режими + -
“Таваккал” сўзи араб тилидан ўзбек тилига ўзлашган сўзларнинг бири ҳисобланади.  “Ўзбек тилининг изоҳли луғатида” унинг маъноси ҳақида қуйидагича изоҳ берилади: “Таваккал”( арабча сўз)-ваколат олиш; умид боғлаш; суяниш; ишониш”. 
Маълумки, ҳар биримиз ишларимизнинг яхши натижали бўлишида Аллоҳ таолога таваккал қиламиз. Зеро, Аллоҳ таоло таваккал қилувчиларни яхши кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:“(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 159-оят). Ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳга таваккал қилишлик улуғ сифат. Аммо таваккал, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккални нотўғри тасаввур этадилар. Ўйламай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона ҳаракатни “таваккал” деб тушунувчилар кўп. Масалан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккалларини олиб кўрайлик. У зот мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганликларини эшитишлари билан тезда мусулмонларни йиғиб, шўро мажлисини ўткардилар. Шўро қабул қилган қарорга ўзлари биринчи бўлиб амал қилиб, “Ҳужраи-Саодат”га кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар. Эътибор беринг-а: Аллоҳга таваккал қилувчиларнинг энг улуғи, биринчиси бўлган Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васаллам урушга кетаётганлари эътиборидан бир эмас, иккита совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар. Етиб боргандан кейин ҳам, душманнинг ҳолини, куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнгра, ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, уларга амир   тайинладилар. Орқанинг ҳимоясига Абдуллоҳ Жубайр разияллоҳу анҳу бошчилигидаги камончиларни қўйдилар.    
 Хуллас калом, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни керагидан ҳам ортиқроқ кўриб қўйдиларки, ҳатто ҳозирги замон ҳарбий мутахассислари ҳам бу ишлардан ҳайратда ёқа ушламоқдалар. Аммо, Аллоҳга таваккал бу ишлардан айри эмас, балки барчасини боғлаб турадиган бир ипдир, барчасини ҳаракатга келтирадиган бир кучдир. Ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил деб эътиқод қилдилар. Агар қалбда вакиллик маъносида, нусрат кутиш маъносида сал бўлса-да, Аллоҳдан бошқа томонга мойиллик сезилса, уни Аллоҳга таваккал деб бўлмайди. Афсуски, кўпчилик таваккални чора кўрмай кутиб ётса ҳам иш ўзи бўлаверади, деган тушунчаларга айлантириб олишган”.     
Баъзи бир кишилар Аллоҳга таваккал қилдим, деб ўзлари қилишлари керак бўлган ишларни бажармайдилар. Инсон Аллоҳга таваккал қилдим, деб ўзи қилиши лозим бўлган ишни қилмаслиги нотўғридир. Бу нарса унинг дангаса эканлигини баён қилади, холос.   
                   Пайғамбаримиз (с.а.в.) давриларида бир киши келиб, у зотдан:“Ё Расулуллоҳ! Туямни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккал қилайми?”, деб сўради.  Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга:“Боғлаб қўйиб, ундан кейин таваккал қил”, ( Имом Термизий ривояти)дедилар.
Аллоҳга таваккал қилиш фақатгина оғизда бўлиб қолмай, балки бирор амални бажаришда Аллоҳ таолога суяниш, ундан мадад сўрашдир.  
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзига таваккал қиладиган бандалари қаторида қилиб, икки дунё саодатига мушарраф этсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими