Қурбонлик қилиш мавзусида гапиришдан олдин “қурбонлик” сўзининг маъносига эътиборни қаратсак, “қурбонлик” сўзи аслида арабча сўз. У ўзбек тилида “яқинлик”, “қурбат ҳосил қилиш”, “фидо қилиш” каби сўзларнинг маъноларини англатади. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “Қурбонлик (арабча сўз)-қурбонлик; қурбон бериш, фидо қилиш. Худо йўлида қурбонликка сўйилган ёки сўйиладиган жонлиқ” деб изоҳланади.
“Қурбонлик” сўзининг истилоҳий маъноси эса Аллоҳ таолога қурбат, яқинлик ҳосил қилиш учун сўйиладиган ва сўйилган жонлиқдир.
Барчамизга маълумки, Ислом динида қурбонлик қилиш вожиб амалдир.
Аллоҳ таоло “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” дейди. ( Кавсар сураси, 2-оят). Ушбу суранинг тафсирида: “Кавсарни тафсирчиларимиз “кўп яхшилик” деб айтишлари. бу эса пайғамбарлик, Қуръон, ҳикмат, умматнинг кўплиги, шафоат ва Пайғамбаримизга берилган бошқа сон-саноқсиз яхшиликлардан иборатдир. Кавсарни берган Аллоҳ таолога ҳар қанча шукр қилса. шунча оз. Холис Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Аллоҳнинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир”.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир” ( Имом Абу Довуд ривояти).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ойида қурбонлик қилар ва бошқаларни ҳам бу ишга тарғиб қилганлар. У зотнинг ҳадисларининг бирида: “ Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин!” (ИМом Аҳмад, Ибн Можа ривояти) дейилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусий ёки насронийлар қаторида тирилади” дедилар.
Албатта, қурбонлик қилишда Аллоҳ таолога холис эътиқод билан Унинг амрини бажариб, розилигини қўлга киритишни мақсад қиламиз. Аллоҳ таоло беҳожат зотдир, унга бизнинг қурбонлигимизнинг гўшти, қони етиб бормайди. У бизнинг қурбонлигимизга муҳтож эмас аксинча, биз унга муҳтожмиз.
Қуръони каримда: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли-У зотни улуғлашларингиз учун-уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” ( Ҳаж сураси, 37-оят).
Қурбонлик фақат холис Аллоҳ таоло учун бўлади. Қурбонликни риё, хўжа кўрсин учун қилишдан сақланмоқ лозим. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалам бизни огоҳлантириб шундай деганлар: “Ким Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилса, Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Имом Муслим ривояти).
Мана саноқли кунлардан сўнг Қурбон ойи ҳам кириб келади. Бу ойда ҳар биримиз Аллоҳ учун қурбонлик қилишни ният қилиб турибмиз. Аллоҳ таоло ният қилиб турган қурбонликларимизни Ўз даргоҳида қабул айласин!
Руҳиддин Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими