Мусулмонларнинг энг мўтабар байрамларидан бири ҳисобланган Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. “ИЙД” сўзи арабчада такрорланиш маъносини билдириб, байрамлар қайта-қайта келганлиги учун “ИЙД” ўзбекча “Ҳайит” деб номланган. Энг муҳими, икки ийд кунлари Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси бандалари узра ёғилади. Ийди Қурбон Ҳаж ибодатлари тамом бўлгани муносабати ила ва Аллоҳнинг йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилишлик учун шариатга киритилган байрам ҳисобланади.
Қурбон ҳайити куни намозга келишдан олдин мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй нарсалардан суртиш ва энг яхши кийимларни кийиш мустаҳаб амаллардандир.
Қурбонлик қилиш закот, фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у Қуръон карим, ҳадиси шариф ва ижмоъ билан собитдир. Аллоҳ таоло муборак каломи шарифида марҳамат қилиб шундай дейди: яъни: “Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйин сунингиз ва (эй, Муҳаммад!) Итоат қилувчиларга хушхабар беринг!”.
Баро ибн Озиб Расулуллоҳдан (сав) қуйидаги ҳадисни ривоят қилиб шундай деганлар: яъни: “Батаҳқиқ, бугунги кунда бошлаб қиладиган ишимиз аввал ийд намозини ўқиш сўнгра уйга қайтиб қурбонлик қилишимиздир. Кимдаким шундай қилса, у суннатга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким намоздан олдин қурбонлик қилса, у оиласи учун тайёрлаган оддий гўштдир, яъни қурбонлик эмас”.
Ийд намозини ўқиб бўлгач, Қурбонлик сўйиш бошланади. Шариатимиз бўйича қурбонлик қилиш закот нисобига қодир кишиларгагина вожиб, деб баён қилинган. Шу ўринда шуни эслатиб қўйиш жоизки, ҳожиларнинг қурбонлиги шукрона қурбонлигидир. Агар бирор кимса қурбонлик сўйиш вақтигача мазкур пул маблағига эга бўлса, унга қурбонлик вожиб бўлади.
Расулуллоҳ. (сав) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратдаги офатлардан озод этади. Хайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир”, деганлар.
Қурбонлик сўйишнинг аввали ҳайит намозидан кейиндир. Унинг охирги вақти эса ҳайтнинг учинчи кун аср вақтигача. Баъзи манбаларда ҳайитнинг учинчи куни шом вақтигачадир, дейилган.
Қурбонликнинг энг афзали уни қурбонлик қилувчининг ўзи сўйишидир. Агар ўзи сўйишни билмаса, бошқа одамга буюриши ҳам мумкин. Лекин сўйиш вақтида ҳозир бўлиши мустаҳабдир.
Расулуллоҳ (сав) қизлари Фотима (р.а.)га: “Бориб қурбонлигинга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки мусулмонларга умумийми?”, дедилар Фотима (р.а.). Шунда Сарвари коинот “Йўқ, мусулмонларга умумий”, деб жавоб бердилар.
Қурбонликка қўй, эчки, туя, сигир каби ҳайвонларнинг эркаги ҳам урғочиси ҳам сўйилиши мумкин. Булардан туя 5 ёш, сигир 2 ёш, қўй ва эчки эса 1 ёшга тўлган бўлиши керак. Аммо қурбонлик ниятида бошқа жониворларнинг сўйилиши масалан, товуқ, ғоз, курка кабиларни сўйиш жоиз эмасдир.
Мол ва туяни етти киши номидан сўйилишига шариатимизда кўрсатмалар бор. Жобир (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилиб: “Набий (сав) билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик”, деган эканлар (Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилган ҳадис).
Агар мол ёки туя 7 киши номидан сўйиладиган бўлса, унинг гўштини тақсимлашда чамалаб эмас, балки килолаб ўлчаган ҳолда тенг тақсимланиши лозим. Илло калла-почча ёки териси қўшиб юборилган бўлса бундан мустасно.
Қурбонлик сўйиши вожиб бўлган киши қурбонликни вақтида сўймаса, кейин унинг қийматини садақа қилиш вожибдир. Сўйилган қурбонликнинг учдан бирини садақа қилиш, учдан бирини едириш, учдан бирини кейин ейиш учун олиб қўйиш мустаҳабдир.
Серфарзанд бўлса, ҳаммасини ўз фарзандлари учун олиб қўйиш афзал. Мусулмон бўлмаган қўшниларга ҳам қурбонлик гўштидан бериш мусулмонлик зийнатидан ҳисобланади. Қурбонлиқ терисини сотиш, қассобга меҳнатининг эвазига бериш мумкин эмас, у фақир кишига садақа қилинади ёки рўзғорда ишлатиш учун олиб қўйилади.
Қурбонликка ҳар томонлама соғ ва семиз бўлган жонлиқларни сўйиш шариатимиз кўрсатмаларидандир. Бунинг ҳам ўзига хос ҳикматлари борб албатта. Биринчи ҳикмат – бу мусулмонларнинг Аллоҳга нисбатан юксак одоблари, Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Аслида Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир. Иккинчи ҳикмат – бу мусулмонларнинг ўрталаридаги меҳр-оқибатларини мустаҳкамлайди. Уларга касал ҳайвонларнинг гўштини эмас, балки соғ ва семиз ҳайвонларнинг гўштини совға қилиш яхши ишлардандир. Бу иш уларнинг кўнглини кўтаради, улар ўзларини ҳурматланган кишилардек тасаввур этишади.
Muslim.uz материаллари асосида
Х.Хонимов, Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби