Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, биз мусулмон бандаларига шундай муборак ва муқаддас байрамларни – Қурбон ҳайитини насиб этди. Ушбу байрамлар сабаб, бандалар орасидаги меҳр-оқибат мустаҳкамланади, силаи раҳм ришталари янада бойийди. Инсонлар бир-бирига саховат кўрсатиб, Аллоҳ таолога яқин бўлишга ҳаракат қиладилар.
Қурбон ҳайити – бу нафақат жонлиқ қурбон қилиш маросими, балки иймон, садоқат ва фидойиликнинг тимсолидир. Ушбу муборак айём Иброҳим (алайҳи салом) ва Исмоил (алайҳи салом) ҳаётидаги буюк синов воқеаси билан боғлиқ. Иброҳим (алайҳи салом) Аллоҳнинг буйруғини иккиланмасдан бажарганлари, Исмоил (алайҳи салом) эса бу буйруққа сидқидилдан бўйсунганлари – мусулмонлар учун ўлкан сабоқ бўлиб қолган.
Аллоҳ таоло бу фидойиликни қадрлаб, Исмоил (алайҳи салом) ўрнига жаннатдан қўй юборди. Шу сабабли мусулмонлар ҳар йили Қурбон ҳайитида жонлиқ қурбонлик қиладилар, саховат ва меҳр кўрсатадилар. Бу орқали улар Аллоҳга яқинлашиш, қалбларни тозалаш ва жамиятдаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ниятида бўладилар.
Бугун юртимизда ҳам ҳайит кунлари етим-есирлар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинмоқда, саховат кўрсатиш анъаналари мустаҳкамланмоқда. Қурбон ҳайити – бу сабр, таваккал ва бағрикенглик сабоғидир.
Гўзал юртимизда мана шундай байрамларнинг тотли шукуҳи таралиб тургани – халқимизнинг саховатидан, меҳрибон юракларидан, ўзаро дуолардан далолат. Илоҳим юртимизнинг тинчлиги абадий бўлсин! Саховатпеша халқимиз кўпаяверсин!
Тинч бўлган юртда, албатта, мана шундай муборак байрамлар ярашади.
Қурбон ҳайити барчангизга муборак бўлсин, азизларим!
Ушбу муборак кунларда қалбларингиз тинчлик, юракларингиз муҳаббат ва саховат билан тўлсин. Ҳар бирингизга Аллоҳнинг неъматлари зиёда бўлиб, оилаларингиз фаровон ва бахтиёр бўлсин. Байрам кунлари меҳр ва силаи раҳм ришталарини мустаҳкамлаб, жамиятимиз янада бир-бирига яқинлашсин.
Байрамингиз муборак, азиз юртдошларим!
Г.Мавлянова,
Шаҳрисабз шаҳар бош имом хатибнинг хотин-қизлар
масалалари бўйича ўринбосари