Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинки, юртимизда заковатли, зукко, илмли ва зиёли ота-оналар – фарзандининг орзу-умидларини рўёбга чиқарувчи меҳрли инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай инсонлар борлиги, уларнинг меҳнати ва тарбияси туфайли жамиятимиз тараққий етиб, келажак сари дадил қадам ташламоқда. Лекин, минг афсуски, ҳар доим ҳам бу манзара шундай бўлавермайди, баъзан кўз олдимизда ачинарли ва юракни эзадиган ҳолатлар ҳам кўзатилади. Юракни эзадиган, инсонийликдан йироқ ҳолатлар ҳам учраб турибди. Баъзи ота-оналар бор-ки, фарзандини меҳр билан қучиш ўрнига, уни бир буюмдек кўради – фақат “нима қилиб беради” деган нигоҳ билан қарайди. Айниқса қиз болани – “бу қиз бола бўлса, нима қилиб бера оларди” деган дашномлар билан, ҳали юраги меҳр кўришга, илм олишга, ҳаётни англашга чанқоқ пайтида турмушга узатадиган оналар борлиги – оғриқли ҳақиқат. Шунингдек, ўғли бўй чўзганини кўриб, ҳали қалби етилмасдан, “ишлаб пул топиб келсин” деган қараш билан уни ҳам ҳаёт оғушига ташлайдиган, бор кучини топиш-тутишга сарфлашини истайдиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Ўғил боланинг қўлидан иш кела бошлаши билан “энди ўқимасин, рўзғорга фойдаси тегса бўлди” деган нотўғри қарашлар уни орзу-умидларидан айиради, мурғак қалбини синдиради. Бола ўзини тушунадиган, орзуларини қадрлайдиган ота-онадан йироқлашади. Бу эса нафақат бир инсоннинг, балки бутун жамиятнинг бойлигини бой бериш билан тенгдир.
Ачинарлиси шундаки, баъзи ҳолатларда ота-онанинг ўзи фарзандига меҳр бермаган, унинг дардини эшитмаган, ҳис-туйғуларини инкор етган бўла туриб, ҳали вояга етмаган қизини “бахтли бўлади” деган ният билан эрта турмушга узатади. Аммо ёшгина, меҳрга тўймаган юрак қандай қилиб бахт қуради? Ўқимаган, ҳаётнинг мураккаб томонларини тушунишга улгурмаган, ҳали ўзига нисбатан ишонч ҳосил қилмаган қиз бола қандай қилиб оила деган муқаддас қўрғонни асрай олади? Кўнгли аллақачон синиб бўлган, болалик шодлигидан маҳрум етилган бу қизлар кўпинча ўз янги ҳаётида ҳам меҳрсизлигу эътиборсизликка дуч келади. Бу эса яна бир фожиа – нафақат бир инсоннинг, балки жамиятнинг, келажак авлоднинг фожиасидир. Аслида, боланинг ёмони бўлмайди. Бола ёмон бўлиб туғилмайди. Фарзанд – бу оппоқ қоғоз. Унда нима ёзилиши ота-онанинг қўлидаги қаламга боғлиқ. Бола меҳрга тўйсагина, унинг қалби ёритилади. Аммо тақдир зарбалари, кўнглига қарамаслик, меҳрдан маҳрумлик уни аста-секин ичдан емира бошлайди. Натижада, бола меҳрни бошқа жойдан излайди – кимнинг қулоғига илиқ сўз айтиши, кимнинг нигоҳи илиқ бўлиши унга аҳамиятли бўлиб қолади.
Ва айнан мана шу ҳолатдан ёвуз ниятли кучлар фойдаланади. Алдов йўли билан, "мен сени тушунаман", "мен сенга керакман" деган ширин сўзлар билан боланинг қалбига йўл топади. Уларни ўз ғаразли мақсадларига хизмат қилдиради. Натижада, ота-онанинг меҳридан маҳрум бўлган бола бегона қўлларнинг қурбонига айланади.Бу ҳолат унданда ачинарли – чунки биз бир вақтлар меҳр билан ёритилиши мумкин бўлган қалбларни йўқотамиз. Бундай воқеаларнинг илдизи – оилада, меҳрда, эътиборда.
Азизларим, биз – ота-оналарнинг икки дунёси обод бўлишини истасак, аввало Аллоҳ берган энг азиз неъмат – фарзандларимизни авайлаб, асраб тарбиялайлик. Уларнинг кўнглига озор бермасдан, ширин сўз билан, меҳр билан, сабр билан яқинлашайлик. Фарзандга берилган илиқ бир нигоҳ, юмшоқ бир сўз – баъзида бутун ҳаётини ёритадиган нур бўлиши мумкин.
Ҳар бир бола – орзу-умид билан туғилади. Агар биз уларни эшитсак, тушунсак, дуоларимиз билан ёритиб борсак – улар бизга фақат қувонч олиб келади. Меҳр билан улғайган фарзанд – нафақат ота-онанинг, балки жамиятнинг ҳам бахтидир.
Шундай экан, фарзандларимиз қалбига илиқлик бахш этайлик, сабр билан йўл кўрсатайлик. Зеро, бундай тарбия Аллоҳнинг раҳматини олиб келади, икки дунёмизга барака олиб киради.
Г.Мавлянова Шаҳрисабз шаҳар бош имом хатибнинг хотин-қизлармасалалари бўйича ўринбосари