1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Арафа куни

4-06-2025, 12:32 271 Ўқиш режими + -
Маълумки, 6 июнь Қурбон ҳайити (Ийдул-азҳо) кунидир. Ҳайитдан олдинги кун яъни 5 июнь куни Арафа ҳисобланади.  “Арафа” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “билиш”, “таниш” сўзларининг маъноларига тўғри келади.  “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“Арафа-(арабча) Макка яқинидаги тоғ номи; билиш, таниш. Қурбон ҳайитидан олдинги кун” деб изоҳланади. “Ислом энциклопедия” сида: “Арафа-(араб. –билмоқ,танимоқ, маърифат ҳосил қилмоқ). -1) ҳижрий-қамарий йил ҳисоби бўйича 12-ой (Зулҳижжа)  9-кунининг номи. Куннинг арафа деб аталишига сабаб Иброҳим (а.с.)га Жаброил (а.с.) ҳаж ибодатининг арконларини ўргатиб кетган. Шу боис ҳожилар зулҳижжа ойининг 9-куни Арафот тепалигига чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат, дуо ва илтижо билан машғул бўлишади; 2) Ҳайитдан олдинги кун. Шундан келиб чиқиб, мусулмонлар халқлар орасида тантанали, оламшумул воқеалар ва байрамлар олдинги кун ва муддатни ҳам Арафа деб номлаш одатга айланган ” дейилади.  
Арафа кунида Аллоҳ таоло дунё осмонида нозил бўлган фаришталар билан фахрланадиган кун. Пайғамбар (с.а.в.): “Арафа кунидан кўра Аллоҳ унда бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқ. У яқинлашади сўнг фаришталарга улар билан фахрланади ва: “Улар нима хоҳлашади”, дейди”(Имом Муслим ривояти) – деганлар. Пайғамбар (с.а.в) “Аллоҳ таъоло Арафа оқшомида фаришталарга Арафа аҳли билан фахрланиб: ”Менинг бандаларимга қаранглар. Менинг ҳузуримга сочлари тўзиган ва чангга беланган ҳолда келишибди” – дейди”. (Имом Муслим ривояти)
Арафа куни Аллоҳ таоло кўп бандаларини дўзахдан озод қилади. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ Таоло бирон кун Арафа куничалик кўп бандани дўзахдан озод этмайди. У яқинлашиб, сўнг дўзахдан озод қилган бандалари билан фаришталар олдида фахрланади ва: «Улар нима исташади?» - деб сўрайди» (Муслим ривояти).
Арафа кунида Аллоҳ таоло Ўзининг  Ислом дини комил қилиб берилган ҳақидаги оятини нозил қилган. Қуръони каримда:”Бугун динингизни мукаммал қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим”(Моида сураси, 3-оят). Ушбу оятнинг тафсирида:“Мазкур ояти карима Арафа куни нозил бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳижратнинг ўнинчи йили ҳаж қилиш учун Маккага бордилар ва Арафотда бир юз йигирма минг ҳожи ҳузурида оламшумул, машҳур хутбаларини қилдилар” дейилади. Пайғамбар (с.а.в.): “Яҳудий Умар(р.а.)нинг ҳузурларига келиб, “Сизлар бир оятни ўқийсизлар, агар ўша оят бизга нозил бўлганида, уни байрам қилиб олган бўлур эдик”, дейишди.  “Мен ўша оятнинг қачон, қаерда, қандай нозил бўлганини биламан. Аллоҳга қасамки, бу арафа куни бўлиб, биз ҳам Арафотда эдик” дедилар ҳазрати Умар (р.а.) ” дедилар. (Имом Бухорий ривояти). 
Арафа байрам қилинадиган кундир, чунки у байрам кунлар сирасига киради. Пайғамбар (с.а.в.) шундай марҳамат қилдилар:“ Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз-Ислом аҳлининг байрамимиздир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло Арафа кунида қиладиган дуо, ибодатларимизни,  хайрли амалларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин! Барчамизни икки дунё саодатига еткарсин! 
Руҳиддин  Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими