1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Эътиқодда адашманг

30-06-2025, 10:16 105 Ўқиш режими + -
Эътиқод софлиги ҳар бир мусулмон учун ўта муҳимдир. Чунки эътиқодсиз амалларнинг заррача фойдаси йўқ. Буюк бобокалонларимиздан бири Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмининг зарурлигини баён қилиб шундай деганлар:
Эътиқод билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур.
 Эътиқоднинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат ва риёзат қилса ҳам, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди. Шунингдек, эътиқод нотўғри танланса, бунинг оқибати янада ёмон бўлади. Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом эътиқодни ўрганиши фарз бўлади. 
Соғлом эътиқод Ислом динининг асоси бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг деярли ўн уч йил давомида у зотга асосан эътиқодга тааллуқли ҳукмлар ваҳий қилинган.
Соғлом эътиқод мўмин банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги алоқанинг моҳияти нимадан иборатлигини тушунтириб беради. Уламолар соғлом эътиқодли мусулмоннинг тасарруфи қандай бўлишига қуйидагича мисол келтирганлар. “Бир кишига дўсти маълум миқдорда маблағ бериб уни қаерларга сарфлашини тайинласа, дўсти мазкур жойларга ортиқча қийналмасдан, ичи ачишмасдан сарфлайди. Чунки унда қўлидаги маблағ тўғрисида “бу маблағ менинг шахсий молим эмас, менинг қўлимда турган омонатдир, мен уни фақатгина эгаси тайинлаган жойларга сарфловчиман холос” деган соғлом эътиқоди бўлади. Шу маънода соғлом эътиқодли мўмин киши ўзидаги барча нарсаларни Роббисининг омонати деб билади. Молидан закот ё ушр ёки етим-есирларга бирор эҳсон қилар экан, ўз ёнидан бераётгандек оғриниб эмас балки зиммасидаги омонатини адо этаётганидан хурсанд бўлиб сарфлайди. Бу эса ундаги соғлом эътиқоднинг самараси ҳисобланади;   
Соғлом эътиқод қилинган ибдатларнинг қабул бўлишига сабаб бўлади. Чунки соғлом эътиқодсиз қилинган амаллар қабул бўлмайди;
Дунёда саодатли ҳаёт кечириш соғлом эътиқодга боғлиқ;
Соғлом эътиқод кишини нафси талпинаётган ҳаром ишлардан тўсиб туради;
Соғлом эътиқод кишини доимо Роббисига ибодат қилишга чорлаб туради. Чунки эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларга қалб боғланмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди.
Охиратда нажот топиш соғлом эътиқодга боғлиқ.
Хожа Абдулхолиқ Ғиж­дувоний айтади: “Қалбнинг саломат бўлиши Ҳақ таоло рози бўлмаган нарсалардан узоқ бўлишдир. Эртага соғлом дилдан ўзга ҳеч нарса ёрдам бермайди. Расулуллоҳ айтадилар: “Инсон жасадида бир парча гўшт бор, агар у саломат бўлса, бошқа аъзолар ҳам саломат бўлади, агар у бузилса, бошқа аъзолар ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, бу қалбдир”. Тўғри ­танланган эътиқод қалбни бузилишдан сақлайди.
Эътиқод исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ эътиқодвий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеъинлар даврига келиб ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ эътиқоддаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф ислом эътиқодсини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламоларни Аллоҳ тўхтовсиз чиқариб турди ва бу зотлар вазифаларини муносиб бажардилар. Улар Аҳли сунна вал жамоа эътиқодсини муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар. Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридийларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Маълумки, дин мустаҳкам эътиқод устига қурилмас экан, унинг натижаси залолатдан бошқа нарса бўлмайди.  
Динда ғулувга кетиш ҳам эътиқод борасидаги етарли билимга эга бўлмаганлик натижасидир.  Диндаги ғулувнинг энг ёмони – етарли шаръий илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олиш, суннатга ўзича амал қилиш, аҳли суннатда мавжуд тўрт мазҳабдан бирортасини ҳам эътироф этмасликдир. Буларнинг бари кишининг залолатига сабаб бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Ибн Можа ривояти).
Бундан билинадики, мусулмон киши шариатда буюрилмаган турли ибодатларни ўзича кўпайтириб олиб, белгиланган меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юбормасин. Ғулув диннинг кушандаси экани аниқ манбаларда қайд этилган.
Эътиқодни нотўғри танлашнинг салбий оқибатларидан яна бири динни жуда ҳам енгил олиб, шаръий аҳкомларни тўғри бажаришни ортга суришдир. Бунинг ҳар иккиси ҳам нотўғридир.
Ҳакимлардан бири бундай деган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: биринчиси, банданинг амалда ғулувга кетиши бўлса, иккинчиси, амалда нуқсонга йўл қўйишдир. Шайтон буларнинг қайси бири ғолиб бўлишига асло парво қилмайди”.
Демак дунёда бахтли ҳаёт кечириб охиратда жаннатга киришни  хоҳлаган инсон албатта соғлом эътиқодни ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.
 
Муҳаммади Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари