Инсон доимо ўзгалар ҳақида яхши гумонда бўлиши лозим. Мана шу фазилат ҳисобланади. Ёмон гумондан қайтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Умматимнинг ажралмас учта хусусияти бор: шумланиш, ҳасад ва ёмон гумон” – дедилар. Шунда бир саҳобий “Ё Расулуллоҳ кимда шу хислатлар бўлса, қандай кетказади.” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қачон ҳасад қилсанг, Аллоҳга истиғфор айтгин, қачон гумон қилсанг, уни тасдиқламагин, қачон бир нарсадан шумлансанг, (унга парво қилмай) ўз ишингда давом этавер” – деб жавоб бердилар. Мўмин киши бошқаларда ёмон ўй қолдирадиган ишлардан ҳам сақланиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида эътикофда бўлганларида ҳузурларига София онамиз (розияллоҳу анҳо) келдилар, бироз гаплашиб, сўнг уйга қайтиш учун турдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизни қоронғу тунда кузатишга чиққанларида, у ердан ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда у зот “Икковингиз шошилманг, бу (аёл) София менинг хотиним” – дедилар. Саҳобалар ҳайратга тушиб: “Эй Аллоҳнинг расули, бизни сиз ҳақингизда ёмон ўйлашдан Аллоҳ сақласин” – дейишганда у зот: “Албатта, Шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор ёмонликни отишидан қўрқдим” – дедилар.
Хулоса ўрнида Ҳазрат Умар (р.а) айтган насиҳатларини келтирамиз: “Мўмин биродаринг оғзидан чиққан сўздан фақат яхши гумон қилгин. Чунки сен ўша сўзни (ёмон бўлса ҳам) яхшиликка йўйишга имкон топасан”.
Муҳаммади Қораев
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари