Энг биринчи ҳисоб қилинадиган амал
11515
15-07-2025, 11:29
188
Ўқиш режими
+
-
Маълумки, биздан қиёматда энг биринчи нимадан сўралса, намоздан деб жавоб берамиз. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в)дан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилинадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиѐмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз ноумид бўлибди, ютқазибди. Агар фарз намозларидан бирон камкўсти бўлса, Парвардигор азза ва жалла: “Қаранглар, бандамнинг нафллари борми?” дейди. Шунда фарз намозларига етишмагани улар билан тўлдирилади. Кейин қолган амаллари шунга қараб бўлади”, деганларини эшитганман” (Имом Аҳмад ва Доримий ривояти).
Намоз динимизнинг бешта устунидан биридир. Уни вақтида адо қилмоқ ҳар бир мўмин-мусулмонга фарздир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا
"Албатта, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир" (Нисо сураси, 103-оят).
Ҳар мўмин-мусулмонга беш вақт намоз энг қадрли амал, энг азиз ишдир. Бу ҳақда Ҳасан Басрий (р.а.) айтадилар: «Эй Одам фарзанди, агар сенга намозинг қадрсиз бўлса, у ҳолда динингдаги қайси нарса сен учун азиз?! Ҳолбуки, сен қиёмат кунида биринчи бўлиб намозингдан сўраласан-ку!»
Аллоҳ таоло барчамизнинг энг қадрли амалимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими