Халқимиз орасида “Яхши сўз жон озиғи” деган нақл юради. Дарҳақиқат, яхши сўзни ҳамма жон қулоғи билан эшитади. Ёмон сўз эса ҳаммани безор қилади, у ҳамманинг дилини оғритади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:“ (Эй инсон), Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўринг: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи ( ер остига) маҳкам ўрнашган. Шохлари эса осмонда бўлиб, парвардигорнинг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамларга эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур” ( Иброҳим сураси, 24-25 оятлар). Бу ўриндаги “яхши сўз” томири ерга мустаҳкам ўрнашган “асил дарахт”га ўхшатилган. Инсон баъзан хафа бўлиб ёки ғазабланиб турганида ҳам доимо яхши сўзли бўлишга ҳаракат қилиши керак. Дарахтнинг илдизи қанча мустаҳкам бўлса, у шунчалик мустаҳкам бўлади. Инсоннинг ҳам хулқида яхши сўзлилик қанча томир отган бўлса, у шунча мустаҳкам бўлади. Яхши сўзли инсон ҳар жойда яхшиликнинг мевасидан баҳраманд бўлади. Ёмон сўзли бўлган киши одам эса ҳар жойда туртки ейди. Унинг бирор жойда қўним топганини кўрмайсиз.
Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ёмон сўзнинг мисоли эса ердан ( илдизи) узилиб қолган, бир жойда ( ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар”. ( Иброҳим сураси, 26-оят).
Қайси бир инсон яхши сўзли бўлса, унга яхши насиба берилган бўлади. Бу ҳақда ҳадисда: “Кимгаки юмшоқлик берилган бўлса, у кишига дунё ва охират яхшиигидан иборат насиба берилгандир. Кимки юмшоқлик насибасидан маҳрум қилинган бўлса, демак у дунё ва охират яхшилигидан иборат бўлган насибадан маҳрум қилинибди” дейилади.
Аллоҳ таоло барчамизни яхши сўзли инсонлардан бўлишимизни муваффақ қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими