Аллоҳ таоло менга илҳом бериб, менга ато этган илмдан, қалбим саҳифасида ва хотирам дафтарида жамланган баъзи мулоҳазаларимни ўртоқлашишни хоҳладим. Аллоҳдан тавфиқ сўраб айтаманки, дунёни кездим, кўп ишларни бошимдан ўтказдим, турли ишлар билан машғул бўлдим, улкан ишларга бош қўшдим. Дунё ишларининг аччиқ-чуччугини тотиб кўрдим. Китобларни титдим, уламоларнинг хизматида бўлдим, дунё талабида умримни зое қилдим. Кўплаб ажойиб воқеаларга гувоҳ бўлдим.
Кўрганларим ичида умр ва дунёдан кўра тезроқ ўтадиган нарсани кўрмадим. Ўлим ва охиратдан кўра яқинроқ нарсани кўрмадим. Орзу-умиддан кўра узоқроқ ва шошмасликдан кўра чиройлироқ нарсани кўрмадим. Дунё ва охират яхшиликларини қаноатда эканлигини кўрдим, дунё ва охират ёмонликларини таъмада эканлигига иқрор бўлдим. Инсонлар ичида энг умри қисқаси "шояд", "кошкийди", "яқинда" деб умрини ўтказган кишидир. Аҳлоқлар ичида энг гўзал хислат — камтарлик ва энг хунук хислат — бахиллик, эканини кўрдим.
Барча яхшиликларни ўзида жамлаган нарса хусни хулқ эканлигини ва барча ёмонликларни ўзида жамлаган нарса ҳасад эканлигини билдим. Юзнинг қизиллигини ўлдирадиган нарса тиланиш, абадий роҳатбаш ҳаёт иффатни асраш ва ҳолатни яширишда эканлигини англадим. Жидду жаҳд ва саъй-ҳаракат муваффақиятнинг асоси, танбаллик ва дангасалик бетавфиқликнинг сабаби эканлигини кўрдим. Бошга келадиган бало оғиздан чиқадиган гапга муаккал қилингани ва хотирижамлик сукут сақлаш билан нозил бўлишлигини билдим.
Дунёга ҳирс қўйган борки, ундан маҳрум бўлганини, дунё талабида елиб югурган борки, ташвишдан бўшамаганини кўрдим. Энг камёб насра садоқатли дўст эканини, энг кўп нарса ёмон ва мунофиқ биродарлар эканини кўрдим. Ҳақиқий ҳур ва озод инсон фақат Аллоҳ таоло дунёга қулликдан озод қилган киши эканлигини кўрдим. Ҳақиқий хўрлик ва зиллат махлуқларнинг хизматида эканлигини, ҳақиқий иззат ва шараф Холиқнинг хизматида эканлигини билдим. Энг яхши ҳисоб-китоб, инсон ўз нафсини муҳосаба қилиши, энг оқил инсон охиратга юзланган киши, энг жоҳил инсон дунёга берилган кимса эканлигини кўрдим.