Турмуш йўли: тайёрликсиз қарорнинг оғир оқибатлари
Бугунги кунда жамиятимизда муҳокама этилаётган энг муҳим масалалардан бири — ёшларнинг турмушга тайёрлик даражаси, оилавий ҳаётга бўлган муносабати ва бу борадаги масъулиятидир.
Ҳар бир фарзанд — ота-она учун бойлик, келажак умиди ва жавобгарлик белгисидир. Аммо савол туғилади: фарзандларимизни турмуш йўлига ҳақиқатан ҳам тайёрлай оляпмизми? Ўғлимиз ва қизимиз ҳақида самимий мулоҳаза қилайлик. Ҳар бир ўғли бор ота-она ўз-ўзига шундай саволни бериб кўриши керак:
“Ўғлим ибратли оила бошлиғи бўлишга тайёрми?”
“Оилани адолат билан юрита оладими?”
“Фарзандларига меҳрибон ва масъулиятли ота бўла оладими?”
Худди шу саволларни қиз фарзанднинг онаси ва отаси ҳам ўз олдига қўйиши лозим: “Қизим келинликка, рафиқа бўлишга, она бўлишга тайёрми?”, “Ўзга хонадонга меҳр беришга, борига қаноат қилишга тайёрми?”. Аксарият онажонлар келин сўрашганда:“Иболи, ҳаёли, пазанда, саришта, соғлом ва чиройли бўлсин, ўқиган ҳам бўлсин,” — деб сўрайдилар. Бу тўғри, ҳар бир қайнона шундай келинни орзу қилади. Аммо тан олиш керак: ўзимиз қизларимизни шундай қилиб тарбиялай олдикми? Бошқаларнинг куёвларини мақтаб, “Шундай куёв бўлса,” дейиш осон. Лекин: ўз ўғлимизни ана шундай ибратли инсон сифатида тарбиялаганмизми? Одамлар ҳавас қиладиган, маърифатли, меҳнатсевар, масъулиятли фарзанд тарбиялаётганимизга ишончимиз борми? Эрта турмуш — оғир оқибатлар сабаби Азизларим, ҳақиқат шуки, кўплаб ёшларимиз ҳаёт синовларига тайёр бўлмасдан турмушга кириб кетмоқда. Бу эса нафақат руҳий, балки жисмоний етишмасликлар билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаряпти: Миллионлаб болалар тирик етим бўлиб қолмоқда; “Талоқ” сўзи ёшлар оғзида оддий иборага айланиб бормоқда; Оналикка тайёр бўлмаган ёш қизлар сабабли кўплаб фарзандлар ногирон туғилмоқда. Бу ҳолатлар хаёлий эмас — ҳаётимизнинг реал воқелиги. Кўз ўнғимизда кечаётган инсонлар тақдиридан олинган мисоллардир. Хулоса: аввал тарбия, кейин турмуш.
Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларимиз бахтли ҳаётга муносиб. Уларга шошма-шошар қарорлар билан эмас, маънавий ва жисмоний жиҳатдан тайёр бўлган ҳолда, ўз хоҳиш ва масъулияти билан турмушга қадам қўйиш имконини берсак, тўғри йўлни танлаган бўламиз.
Бизнинг вазифамиз — фарзандимизни кимгадир ёқиш учун эмас, ўз бахти учун тайёрлаш. Аввало ўз боламизни тарбиялайлик, сўнгра бошқалардан талаб қилайлик.
Чақириқ: Эрта турмушни эмас — тўғри тарбияни танлайлик!
Фарзандларимизни тўкис бахт сари етаклайлик.
О.Тоғаева, Ғузор тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари