Ҳар замоннинг ўз нурлари, ўз илмий ва руҳий қаҳрамонлари бўлади. Улар кўзга кўринмас, товушсиз, аммо буюк ҳаёт кечиради. Улар ҳақиқий илм аҳлига хизмат қилади, фақат гапда эмас, амалда ҳаммага ибрат бўлади. Ана шундай камтарин, аммо буюк инсонлардан бири – Фазлиддинхон эшон бобо эдилар.
Фазлиддинхон Эшон бобо 1960 йилда Қамаши туманидаги Ёртепа қишлоғида туғилдилар. У киши бутун ҳаётларини илмга, илм аҳлига муҳаббатга, ва дунёдан охиратга етаклайдиган ҳақиқатларга бағишладилар. Тарбиялари, хизмати ва қолдирган мерослари бу гапни исботлайди.
Фазлиддинхон Эшон бобо беш нафар қиз, икки нафар ўғил тарбиялаб вояга етказдилар. Бешала қизларини ҳам диний илм билан тарбияладилар. Қизларининг барчаси Қуръонни яхши билувчи, илмли, тарбияли аёллар. Улардан бири китоб муаллифи ҳамдир.
У киши қизларини илмли, тақволи, диёнатли куёвларга ишониб топширдилар. Бу ҳам уларнинг ҳаётдаги энг доно қарорларидан бири бўлди. Уларнинг бир куёви нафақат олим, балки бир нечта китоблар муаллифи, олийгоҳларда дарс берадиган зот. Қолган куёвлар ҳам илм ва дини хизматини адо этаётган – иккиталари Диний идоранинг вакиллигида ходим, яна иккиси масжидда имом-хатиб. Шу билан бирга, келинларини ҳам илмли, ахлоқли ва диёнатли қизлардан танладилар. Оилани илм асосида қуриш – эшон бобонинг йўналиши эди. Бу қарори туфайли бугун фарзандлари ва авлодлари ичида Қуръон аҳли, илм эгалари, тақволи инсонлар кўп.
Икки ўғилларидан бири фермерлар уюшмасида ҳалол меҳнат билан тирикчилик қилса, иккинчиси мураттаб қори, Қуръонни ёд олган инсон.
У киши фақат фарзандларига эмас, мударрислар, толиблар, илм аҳлига ҳам доимо муҳаббат ва эътибор кўрсатардилар. Деярли ҳар йили мадраса талабаларига қўй сўйиб, эҳсон қилар эдилар. Илм аҳли бобони самимийлик ва ихлос билан ёдга оладилар.
Фазлиддинхон Эшон бобо 55 ёшларида инсультни бошдан кечирдилар. Шу ҳодисадан сўнг тананинг ўнг томони ишламай қолди. Тиллари ҳам сўнди. Лекин ажиб ҳоли бор эди – у киши ким салом берса, албатта “Ваалайкум ассалом” деб жавоб берар, аҳвол сўралса: “Аллоҳу Акбар” дердилар.
Насиҳат қилгиси келганда эса, сўнгги 10 йил мобайнида доимо биргина жумлани такрорлар эдилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедиларки: Ҳаммаси яхшилик билан бўлади. Яхшилик, яхшилик, яхшилик...”
Бошқа бирор сўз айтмасдилар. Ана шундай сокин, аммо нурли сукут – буни авлиёларгина уддалай олади. Бу сўзни қайта-қайта айтиш орқали, гўёки умматга ва фарзандларига охирги васиятни қолдиргандек эдилар.
Касаллик, оғриқ, инсульт – бу оғир синовлар. Аммо эшон бобо бу ҳолатда ҳам намозни ҳеч қачон тарк этмадилар. Ўн йиллик беморлик мобайнида ҳам намозларини қолдирмадилар. Қўли ёрдамга муҳтож бўлса ҳам, қалбидаги ихлос билан адо этишга интилиб яшадилар.
Бу – ҳақиқий истиқомат, Аллоҳга садоқат, сабр ва муҳаббатнинг энг юксак даражасидир.
Фазлиддинхон Эшон бобонинг турмушдошлари – Хожи она ҳам илмли, диёнатли, сабрли ва тақволи аёллар. Бу оила – илм, муҳаббат ва ихлоснинг уйғун намунаси бўлган. Бугунги кунда набиралари орасида ҳам қори ва Қуръон аҳли бор. Бу эса, ўтмишдаги тарбиянинг самарасидир.
Фазлиддинхон Эшон бобонинг жанозаларида 100 дан ортиқ уламолар, имомлар, устозлар иштирок этдилар. Бу – ҳаётда қилинган хизматлар, вафотдан кейинги ҳурмат ва эътирофдир. Илм аҳли уларни севди, қадрлади, ва жон деб сўнгги ҳақларини адо этдилар.
"Аллоҳ илм аҳлига хизмат қилган, илм аҳлини севган ва улар орқали савобни истаган бандаларини ҳеч қачон унутмайди."
Фазлиддинхон Эшон бобо 65 ёшларида вафот этдилар. Улар кетдилар, лекин илм, ихлос, муҳаббат ва насиҳатларидан иборат нурли из қолдирдилар. Бу излар орқали яна кўплаб ёшларга йўл очилади, яна кўп қалблар нур олади, деган умиддамиз.
Аллоҳ таоло бобони жаннатлар билан мукофотласин. Қабрларини нур билан тўлдирсин. Орқаларидан қолган барча илм аҳли ва набираларини ўз ҳимоясида сақласин.
Қамаши тумани “Қоратепа” жоме масжиди имом-хатиби Муродуллохон Нуриддинов