Тўй ва маъракалар халқимиз маданияти, урф-одатлари ва анъаналарининг ажралмас бир қисми ҳисобланади. Улар азал-азалдан инсонлар ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб келган. Бироқ бугунги кунга келиб, айрим тўй ва тадбирларда ортиқча исроф, дабдабагарчилик ва кераксиз харажатлар кузатилмоқда. Аслида эса тўй — маънавий туйғулар, самимият ва қадриятлар мужассам бўлиши керак бўлган фазилатли тадбирдир.
Исроф — нафақат иқтисодий зарар, балки маънавий таназзулга ҳам йўл очади. Айниқса, янги оила қурувчи ёшлар ўртасида "одамлар нима деркин?" деган қарашлар таъсирида ортиқча харажатлар қилинаётгани афсусланарли ҳолат. Баъзан тўйлар ҳар хил шоу дастурлар, қиммат меҳмонхоналар ва меъёрдан ошган зиёфатлар билан тўлдирилиб, унинг асосий моҳияти — икки ёшнинг бахтига барака тилаш, дуо қилиш, ота-она розилигини олиш каби қадриятлар иккинчи ўринга сурилиб қолаётгани кузатилади.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун жамиятимизда маънавий тарғиботни кучайтириш, диний ва ахлоқий билимларни кенг тарқатиш, оддийлик ва иффатга тарғиб қилиш зарур. Ислом динида ҳам ҳар бир ишда меъёрни сақлаш, исрофдан сақланиш қаттиқ таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, исроф қилувчилар шайтонларнинг биродарларидир” (Исро сураси, 27-оят), деб зикр қилган.
Шундай экан, ҳар биримиз ўз ҳаётимизда оддийликни, маънавиятни ва ижтимоий масъулиятни устувор қилаётган бўлсак, тўй ва маъракаларимизни ҳам худди шу руҳда ўтказишимиз лозим. Бир кунлик дабдабадан кўра, бир умрлик барака ва дуо афзалдир.
Жамиятдаги барқарорлик, иқтисодий осойишталик ва маънавий юксалиш — айнан шундай оқилона, ибратли ёндашувлар орқали таъминланади. Демак, миллий тўйларимизни исрофдан поклаш ва маънавиятга бой этиш — умумжамият вазифасига айланиши керак.
О.Тоғаева, Ғузор тумани хотин-қизлар масалалари бўйича имом-хатиб ўринбосари