Ҳақ Субҳанаҳу таолога улуғлиги қадар шукроналар бўлсинки, юртимиз тинч ва фаровон! Бу барқарорлик ҳамда хотиржамликни қанча мадҳ этмайлик ҳам барибир қалбимиз уммонидан шукроналик ҳисси жўш уриб чиқаверади. Айниқса Давлатимиз раҳбарининг ёшларга кўрсатаётган эътибори ва яратилаётган кенг қамровли имкониятлари таҳсинга сазовор. Бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиш эса ҳар бир ёшнинг бурчи ва масъулияти ҳисобланади. Афсуски баъзи ёшларимиз бу имкониятлардан унумли фойдалана олмай, интернет фитналарига, алдамчи маънавий заҳарларга алданиб қолмоқда, бу эса нафақат уларнинг келажаги, жамиятимизнинг тараққиётига ўз таъсирини кўрсатади. Бундай кўнгилни хира қиладиган ҳолатларнинг келиб чиқишининг асосий сабаби миллий қадриятлар, диний ва ахлоқий билимларнинг етишмаслиги оқибатида ёшлар ёт фикрларнинг тўгри ёки нотўғрилигини ажрата олмаслигида.
Ўзини ёлғиз ҳис қилиб, уни тушунадиган дўст ёки суҳбатдош тополмаслиги, етарли меҳр ва эътибор ололмаслиги, Аксарият ҳолларда ота - оналарнинг фарзандимнинг моддий таъминотини қилиб шароит яратиб беряпманку деган ўй фикрлари, отанику тушунса бўлади, оила таъминотчиси, оналарнинг бепарволиги ҳаётдаги тўғри йўл ва қадриятларни ўргата олмаслиги, кўп ҳолларда фарзандни, унинг орзу истакларини эшита билмаслик, унга вақт ажратмаслик, айниқса энг ачинарли ҳолатларни гувоҳи бўлиб қоламиз, оналарнинг ўзлари ҳам телефон билан боғланиб қолиб фарзандини эътибордан четда қолдириши, уларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Бундан бир неча йиллар илгари кимнинг боласи нотўғри иш қилаётганини кўришса, ота - оналар билан бир қаторда қўни - қўшни, каттаю - кичик, ёши улуғ нуронийларимиз ҳам бефарқ бўлишмасдан, насиҳат бериб тўғри йўлни кўрсатиб қўйишарди. "Болага фақат ота - она эмас, бутун маҳалла жавобгар" деган қараш ҳукм сурарди, ўз боласига қандай меҳр берса, қўшнининг боласига ҳам шундай эътибор бериб дуода бўлишарди. Бугунги кунда афсуски, айрим ҳолларда ҳаттоки ёши улуғларимиз орасида ҳам "Мен сенга тегмайман, сен менга тегма" деган қарашлар учрайди. Гўёки бир - бирининг ишига қизиқмаслик яхши фазилатдек туюлади. Аслида эса бу бепарволик. Бепарволик эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки инсон бир ўзи эмас, жамият ичида яшайди. Тўғрисини айтганда, ҳозирги давр тарихда бўлмаган тўқчилик давридир. Юртимизда тинчлик бор, ризқимиз мўл-кўл, билим олиш, ўз қобилиятларини ривожлантириш учун имкониятлар кенг жамиятимизнинг тинчлиги, фаровонлиги йўлида эса ҳар биримизнинг ҳушёрлигимиз ва меҳримиз бўлса бас.
Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейилади: "Яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ва сенга етган нарсаларга сабр қил" (Луқмон сураси 17 - оят ). Яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтариш муқаддас динимизнинг энг улуғ шиорларилан биридир. Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: яъни "Сизлардан бирортангиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин, агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан норози бўлсин. (Имом Муслим ривоят қилган.)
Шундай экан азизларим, фарзанд Аллоҳ таолонинг сизу бизга берган, суюкли ва қадрли неъмати, энг буюк омонати, келажагимизнинг порлоқ умиди, уларга берган меҳримиз уммон бўлсин, тарбия ва эътиборимиз тоғдек мустаҳкам бўлсин, ҳар бир гапирадиган сўзимиз ва амалда бажарадиган ишимиз, уларнинг қалбига нур, кўнгилларига ишонч берсин. Келинг чин қалбдан дуо қилайликки авлодларимиздан келажагимизнинг порлоқ бўлишига ўз ҳиссани қўшадиган, юртига садоқатли, халқига манфаати тегадиган билимли ва одобли комил инсонлар бўлиб етишсин. Ота - оналарнинг кўзларини қувонтирадиган, ватан шаънини баланд кўтарадиган авлодлар бўлсин!
Бу йўлдаги барча сайъи ҳаракатларимизга эса меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таоло мададкор бўлсин! Амин.
Г. Мавлянова, Шаҳрисабз шаҳар бош имом-хатибининг хотин - қизлар масалалари бўйича ўринбосари