1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фарзанд тарбиясида ота-она масъулдир

13-08-2025, 15:29 190 Ўқиш режими + -
Фарзанд тарбияси инсон ҳаётидаги энг мураккаб ва масъулиятли ишлардан бири бўлиб, бу ўзини ҳурмат қилган ҳар бир ота-она учун жуда муҳим масала ҳисобланади. Бу жараён эса миллат келажагини белгилаб беради. Аввало ота-оналар биринчи галда ўз маънавиятини имкон қадар юқори даражада бўлишига эътибор қилиб, ўзлари фарзандларига намуна бўлишлари лозим.
Оилада фарзанднинг катта бир инсон, мукаммал шахс сифатида тан олиниши, спортга ва меҳнатга қизиқтирилиши, ундан гоҳида енгил ишларда маслаҳат олиниши самара кўрсатади.
Бола тарбиясига энг биринчи навбатда ота-она жавоб беради.  Янги асрда ахборот тезлиги тараққиётга ижобий таъсир кўрсатяпти. Айни чоғда қатор муаммолар келтириб чиқаряпти. Интернет, уяли телефон орқали ёшларимиз қайси каналларга сайтларга кираётганликлари, ким билан нима ҳақида ёзишаётганликларини назорат қилиб туришлари лозим. Бундан ташқари китоб ўқиш, китобга меҳр муҳаббат қўйишга ундаши, ёшига қараб эртак ёки ҳикоялар айтиб, боланинг тасаввурида эзгулик, меҳр оқибат шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўтган улуғларимиз бола хулқи бузилишига кўпинча ота-она сабаб бўлишини таъкидлашган. Бунга асосий ички сабаблар: Оилани бошқаришда ота-онанинг аниқ мақсади йўқлиги, бола тарбиялашни билмаслик, моддий таъминотни ҳаддан ошириб юбориш ёки умуман таъминламаслик, боланинг таълим олишдан мақсади йўқлиги ёки дарсларни ўзлаштираолмаслиги, мактабга ота-она мажбурлаши билан бориши,  боланинг ота-онадан қониқмаслиги, ота-онадан меҳр кўрмай, бошқалардан ширин сўзлар эшитиши,  ота-она фарзанди олдида жанжаллашиши, ота-она фарзандларидан бирини мақташи, бошқасини эътиборсиз қолдириши, кичик хатони бўрттириш, боланинг хатосини тўғри тушунтирмаслик, бошқа болаларга солиштириш каби хатолар болани тарбиясида катта хатоликларга олиб келади. Уйимиз, яшаб турган жамиятимиздаги муҳит, таълим-тарбия муассасалари  буларнинг барчаси тарбия омилларидир.
Ота-оналар фарзанд тарбиясида асосий кучни бола онгида яхшилик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, адолат, ўз ўзига ишонч, мустақиллик, ғурур, атроф-муҳитга қўшилиш, касб-ҳунар орттиришга йўналтиришлари лозим. 
Фарзанд—Оллоҳ берган ҳадядир. Улар кўз қувончимиздир:   Ким фарзандига чиройли тарбия берса, Оллоҳ таоло унга шу дунёнинг ўзида мукофотини беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ота фарзандига чиройли тарбиядан кўра, яхши одоб беришдан кўра яхшироқ нарса мерос қолдирмаган»,  деган ҳадислари бор.
Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар “жаннат райҳонлари” деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Бунинг акси бўлишидан Аллоҳ сақласин!
Оила ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади. Оиша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар.
Донишмандлар бола тарбиясига у ҳали ҳомила ҳолида эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бунга қандай эришиш мумкин? Бўлажак онанинг емиши ҳалол, пок бўлиши, у ҳамиша тоза, покиза юриши, дуо ва зикрни мунтазам айтиб туришининг туғилажак фарзанднинг келгусида яхши тарбияли, одобли, эътиқодли, чин инсон бўлиб камолга етишида катта фойдаси бор. Ҳатто замонавий тиббиёт ҳам она ҳомиладорлик чоғида кўпроқ қандай кайфиятда бўлса, буларнинг ҳаммаси болага ҳам кўчишини исботлаган. Масалан, ҳомиладорлик чоғида кўп асабийлашган, бошига бирор ғам, мусибат тушган аёлларнинг фарзандлари инжиқ, серзарда, йиғлоқи бўлиб туғилиши кўп марта кузатилган.
Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар бутунлай ўзларини жамоат ишига бахшида қилиб, фарзандларидан узилиб қолган оналарнинг болаларига қараганда соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчан бўлиб улғайишар экан. Онанинг бурчларидан яна бири фарзандга меҳрибонлик кўрсатиб, уни турли азият берадиган нарсалардан сақлаган ҳолда вақтида озиқлантириб, ювиб-тараб, тоза кийинтириб, шамоллаб қолишига йўл қўймай, уни парвариш қилишда эринчоқлик ёки дангасалик қилмай доимо ҳушёр ва ундан хабардор бўлишликдир.
Фарзанд тарбиясидаги онанинг муҳим вазифаси – болаларимизни ёшликдан оиласи, маҳалласи, она Ватанига меҳр-муҳаббатли этиб тарбиялаш саналади. Зеро, уламоларимиз таъкидлашларидек, “Ватанни севмоқ иймондандир”. Ватан она каби муқаддасдир. Шу сабабли, ислом динида оилага, юртга ҳиёнат оғир гуноҳ ҳисобланади.  Ҳозирги кунда ота-онаси, оиласи ҳақида қайғуриш ўрнига узга юртларда муқаддас ислом динимизда фитна чиқариб, бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкаётган жангариларга қўшилиб, ўзи ва ота-онасига тавқи-лаънат орттираётган кимсаларнинг аччиқ қисмати бошқаларга сабоқ бўлиши лозим. 
Оилада фарзанд тарбиясида аёл кишининг ўрни деганда фахр билан айтамизки, бугунги кунда ўзбек оилалари хусусан оналаримиз, аёлларимиз оиланинг соғлом иқлимли, оила бағрида фарзандларини эл-юртнинг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон кўйдирмоқдалар.
Аллоҳга шукурки, мамлакатимизда аёл зотининг ҳурмати, эҳтироми ва нуфузи, хотин-қизларнинг турли жабҳа ва йўналишларда қилаётган ишлари муносиб баҳоланади ва қадрланади, ҳар қайси хонадоннинг уй бекаси бўлмиш опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилишга доимий равишда алоҳида эътибор қаратилади. Шунинг учун мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб номланган жорий йилда оилада меҳр-муҳаббат ва ўзаро ҳурмат муҳити, оналикни муҳофаза қилиш, она ва бола соломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўз иқтидорини руёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг кундалик рўзғор юмушларини енгиллаштириш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилиб келмоқда.
Биз Аллоҳ таолодан оила, фарзанд ва жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча муҳтарама оналаримизга, меҳрибон ва садоқатли хотин-қизларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик беришини ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб дуолар қиламиз! Илоҳо, уларнинг сабр-бардошлари, оила ва бола тарбияси йўлидаги беқиёс меҳнатлари ва меҳрибонликлари эвазига Парвардигорнинг ўзи муносиб мукофотлар ато айласин! Омин, ё Роббал оламин!

Қурбонова Бодом
Китоб туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари