Маълумки, жорий йилда муборак Ҳаж сафарига борган Ўзбекистонлик ҳожилар Арафот водийсида муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.
Ҳожиларнинг кўнгли тоза, қалби нурли, сўзлари таъсирли, дили тўла эзгу ният ва дуоларга тўла бўлади. Ана шундай ҳолда ҳожиларимиз нафақат ўзларига, балки жамиятга ҳам маънавий ўрнак бўлишлари катта аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда ҳожиларимизнинг имом-хатиблар билан биргаликда маҳаллаларга, хонадонларга кириб бориб, халқимиз билан юзма-юз мулоқотда бўлиши, эзгу сўз ва дуолари орқали маънавий қўллаб-қувватлаши — жамиятимиздаги маънавий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ҳожилар ва имом-хатибларнинг халқ ичига кириб бориб, маънавий қўллаб-қувватлаш ишларини олиб бориши — бу тарихий анъаналаримизга уйғун ҳолда, бугунги жамиятимизда ҳам катта эҳтиёж бўлган хайрли амалдир.
Маълумки, кўп асрлик таълим анъаналарига эга бўлган юртимизда ҳар бир янги ўқув йили бошланиши – фақат болалар учун эмас, балки бутун жамият учун ҳам катта қувонч, масъулият ва умидлар фаслидир.
Мактаб — ҳар бир жамиятнинг илм-маърифат маркази, болаларнинг илм олиш ва шахс сифатида шаклланиш жойидир. Ҳар йили янги ўқув йили арафасида мактаб болалари учун қувончли ва масъулиятли кунлар бошланади.
Шу нуқтада саховатли инсонлар, ташкилотлар, жамият раҳнамолари учун ажойиб бир савоб эшиги очилади, яъни бу мактаблар таъмири ва жиҳозига ҳисса қўшиш, турли сабабларга кўра фарзандларига зарур ўқув воситаларини тайёрлаб бера олмаган хонадонларни қўллаб-қувватлаш.
Ана шундай эзгу мақсадда, ҳожилар ва имом-хатиблар иштирокидаги “Сенга ишонамиз. Сенинг келажагинг порлоқ бўлиши учун биз ҳам ёнингдамиз” ғояси остида амалий тадбирга старт берилди. Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов ва Ҳаж-2025 мавсуми ҳожилари иштирок этишди. Мазкур тадбирда 40 нафар мактаб ўқувчиларига синфлар кесимида тўлиқ ўқув қуроллари эҳсон қилинди.
Ҳар бир эзгу иш аввал ниятдан бошланади. Бугун биз яхши ният билан бошлаган ушбу тадбир, насиб қилса, яна кўплаб фарзандларимизни қувонтириб, уларнинг ҳаётига, илмни пухта эгаллашига, комил инсон бўлиб етишишларига ижобий таъсир кўрсатади. Президентимиз таъкидлаганидек: “Ёшларимизнинг замонавий билим, касб-ҳунар ва чет тилларини пухта эгаллаши, Ватанга муҳаббат, миллий қадриятлар ва маънавий поклик руҳида тарбия топиши — эртанги юртимиз тақдирини белгилайди”
Вилоятимиз ҳожилари ва имом-хатиблар саховатпеша ҳомийлар билан биргаликда янги ўқув йили бошлангунига қадар 1500 нафарга яқин ўқувчиларга тўлиқ ўқув қуроллари эҳсон қилишни режа қилганлар.








