Бугунги глобаллашув ва ахборот хуружи даврида радикаллашув масаласи нафақат бир мамлакат, балки бутун инсоният учун долзарб муаммолардан бирига айланди. Радикаллашув — бу инсоннинг муайян ғоя ёки фикрни ҳаддан ташқари қатъий ва кескин шаклда қабул қилиб, бошқача фикрларга муроса қилиб бўлмаслик даражасига етиши ҳисобланади. Бундай жараён нафақат шахсий ҳаётга, балки жамият, давлат ва халқаро муносабатларга ҳам жиддий таъсир кўрсатади.
Радикаллашган шахслар ва гуруҳлар, одатда, жамиятдаги мавжуд тартибни қабул қилмайди, ўз ғояларини маъмурий, сиёсий ёки ҳатто зўравонлик йўли билан жорий этишга уринган бўлади. Бу эса ижтимоий барқарорликни издан чиқаради. Жамият икки томонга бўлиниб, қарама-қаршилик кучаяди. Миллатлараро, динлараро ва турли ижтимоий гуруҳлар ўртасида низолар келиб чиқади.
Радикаллашувнинг энг хавфли оқибатларидан бири бу – терроризмдир. Радикал фикрлар таъсирида бўлган шахслар ўз мақсадларини амалга ошириш учун зўравонлик ва қонунбузарликни асос деб ҳисоблай бошлайди. Бундай ҳаракатлар фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солади, оммавий ҳалокатларга олиб келади.
Радикаллашувга кўпроқ ёшлар мойил бўлади. Чунки уларнинг онги ҳали тўлиқ шаклланмаган, ҳаётий тажрибаси етарли эмас. Интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган радикал ғоялар уларни ўз домига тортади. Бу эса келажак авлодни хатар остида қолдириши мумкин.
Оила — шахс тарбиясида биринчи ва асосий муҳит ҳисобланади. Ота-оналар болаларининг кимлар билан дўстлашиши, интернетда нима ўқиётгани, қандай ғояларга қизиқиши ҳақида бефарқ бўлмасликлари керак.
Хулоса қилиб айтганда, Радикаллашув — бу фақат бир шахснинг эмас, балки бутун жамиятнинг муаммосидир. Унинг оқибатлари жуда жиддий ва кўп қирралидир. Бундай хавфли жараённинг олдини олиш учун фақат ҳуқуқий чоралар эмас, балки кенг қамровли таълим, тарбия, маданият ва маърифат ишлари олиб борилиши зарур. Ёш авлодни соғлом тафаккур, таҳлил қилиш қобилияти ва муросали муносабат руҳида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий эҳтиёжларини қондириш радикаллашувга қарши самарали курашнинг асосий омилидир.
Азамат Усмонов