Жаннат меваларидан бири банандир. У ҳозирги пайтда дастурхонларимизда доимий учрайдиган мевалардан биридир. Уни ҳар биримиз севиб истеъмол қиламиз.
Банан аслида, иссиқ мамлакатлар меваси бўлиб, унинг ватаниЖанубий-шарқий Осиё (Малай архипелаги) ва Америка қитъасидир.
Банан меваси мамлакатимизга яқин йилларда тижорат учун олиб келинди. У илгари мамлакатимизда етиштирилмаган эди. Ҳозирги пайтда айрим кишилар томонидан банан етиштирилиб, у бозорларга сотиш учун олиб чиқилмоқда.
Ўн тўрт аср илгари Аллоҳ таоло “Қуръони Карим”да жаннатда бананзорлар борлигидан хабар бериб шундай дейди:“Ўнг томон эгалари; ўнг томон эгалари недир? Улар тикансиз сидрзорлардадир; сермева бананзорлардадир; ва ёйиқ соялардадир; ва оқар сувлардадир; ва сероб мевалардадир; тугамайдиган ва ман қилмайдиган; баланд тўшалган кўрпачалардадир”(Воқеа сураси, 27-34-оятлар).
Ушбу оятларнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да:“Ўнг томон эгалари жаннатда бошқа турфа хил мевалар қатори мевасини қуюқ қилган бананзорларда ҳам бўлишади ва хоҳлаганларича бу мевадан ейишади. Мусаффирлар шундай дейишган: “Бананни араблар ранги яшиллиги учун гўзал дарахт ҳисоблашган. Бу оятда айнан бананни хослаб зикр қилинишига сабаб шуки, қурайшликлар сидрзор ва бана дарахтларининг сояси кўплиги ва ям-яшиллиги учун қизиқишар, яхши кўришар эди. Шунинг учун ёқтирган нарсаларга ўхшаши билан уларга хитоб этилиб, жаннатдагиси ҳам ваъда қилинди”. Молик ибн Анас (р.а.) айтади: “Дунёдаги банандан бошқа бирорта мева жаннат меваларига ўхшамайди. Чунки Аллоҳ таоло жаннат мевалари ва сояларини доимий, деган (Раъд сураси, 34-оят). Фақат банангина қишин-ёзин пишиб ётади”дейилади.
Хулоса қилиб айтамизки, банан жаннатий мева бўлиб, уни биз инсонларга неъмат қилиб берган Аллоҳ таолога шукроналаримиз бўлсин! Аллоҳ таоло барчамизни дунё ва охиратда яхшиликларга еткарсин ва дўзах азобидан асрасин!
Руҳиддин Акбаров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими