Яхши қўшни дегани шуки, қўшниларига зара беришдан ўзини тийиш эмас, балки қўшнилардан озорлик етса, унга сабр қилиб қўшнини ранжитмайди. Ривоят қилишларича,
Ҳазрати Али (р.а.) бир куни уйларига келганларида Биби Фотима (р.анҳа.) хафа эканлар. Ҳазрат Али (р.а.) бу хафаликнинг боисини сўраганларида Биби Фотима (р.анҳа):
“ Қўшнининг моли кириб, нон қилиш учун тайёрлаб қўйилган унни еб қўйибди”, деб айтадилар. Шунда ҳазрат Али (р.а):
“ Қўшнимизга молинг зарар берди, деб айтсак, у ранжийди.Шу сабабли қўшнини ранжитишдан кўра, келган зарарга сабр қилиш фазилатлироқ”, деган эканлар. Дарҳақиқат, яхши қўшни қўшнини ранжитишдан ўзини тияди.
Ҳақиқий тарбия кўрган маданиятли инсон қўшниларини ҳурматлайди. Зеро, бу ҳақда ҳадисда ҳам:
Ким Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини ҳурматласин”. ( Бухорий ривояти).
Яхши инсон қўшнисига зарар солмайди, унга ёмонлик қилмайди. Бу ҳақда ҳам ҳадисда:
“ Кимнинг ёмонликларидан қўшниси омон бўлмаса, у жаннатга кирмайди”. ( Имом Муслим ривояти).
Инсонга қўшнилар ҳақиқий баҳо беради. Бир киши яхшилик ёки ёмонлик қилганимни қаердан биламан, деб сўрабди. Шунда пайғамбар:
“Агар қўшниларингиз яхшилик қилдинг деса,яхшилик қилган, ёмонлик қилдинг деса, ёмонлик қилган бўласиз”, деган эканлар. Халқимизда шу маънода “ Ҳақликни ҳамсоядан сўра” деган мақол мавжуд.
Яхши қўшничилик алоқалари туфайли жамият кишилари ўртасида меҳр-оқибатли, ҳар хил кунларда инсонларнинг бир-бирлари билан ҳамдард бўлишлари, яхшиликда ҳамкорлик қилишлари каби инсоний фазилатлар мустаҳкамланади. Бу эса ҳар бир жамият учун хотиржамлик, тинчлик бахш этадиган омиллардан ҳисобланади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими