1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Инсон илм билан мукаррам

24-09-2025, 10:26 199 Ўқиш режими + -
Инсон илм билан мукаррамдир. Инсон илм талаб қилиш билан инсон юксалади. У икки дунё саодатини топади.   
Улуғ саҳобий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм – қалб ҳаёти, зулматда кўз нури, заифликда бадан қувватидир. Илм туфайли инсон буюклар мақомига етади, дунё ва охиратда юксак даражалар соҳиби бўлади. Илм туфайли силаи раҳм қилинади, ҳалол ва ҳаром билинади. Илм- бошлиқдир, амал эса унга тобеьдир”.
Аллома Феруз Ободий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “ Басоиру завит тамйиз фи латоифил китабил азиз” китобида шундай келтиради: “ Инсоний фазилатлар тўртта бўлиб, улар: илм , шижоат, иффат, адолатдир.Булар фазилатлар ичида энг асосийсидир”. Илм энг шарафлисидир. Зеро, илм инсониятга хосдир.Чунки, илмдан ташқари барча хислатларда инсон бошқа тирик мавжудотлар билан шерикдир. Мисол учун, шижоат, қувват, шафқатга ўхшаш хислатлар инсонда бўлгани каби бошқа тирик мавжудотларда ҳам мавжуддир. Илм туфайли Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни фаришталардан афзал қилиб, уларга Одам алайҳиссаломга таьзим саждаси қилишни буюрди. Шунинг учун, илм – абадий саодатга элтувчи йўлдир”. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқ”.Илм Аллоҳ таолонинг бандаларига ўзининг раҳмат хазийналаридан очиб берган катта бир инъомларидан.
Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”, дедилар. Илмга даъват қилиш учун бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр. Илм талаб қилиш эса, ҳадисда айтилишича, жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади. Шунинг учун илоҳий таълимотда келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, бундай илм эгаларига қилинган ваъдаларга имон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Одамларнинг афзали ҳожат тушса, фойда берадиган, беҳожат бўлинса, ўзига фойда берадиган имонли олимдир”.Яна бир ҳадиси шарифда, “Имон яланғочдир, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”, дейилган.
Олимлардан бири айтади: “Ким илм ва ҳикматни қўлига юган қилиб ушласа, одамлар уни ўзига имом қилиб олади. Ким илму ҳикмат билан танилса, бошқалар унга ҳурмат билан қарайди”. Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Илмдан насибадор кишилар олган озгина илмига хурсанд бўлиб, биргина нарсани унутганда хафа бўлиши илмнинг шарафига етарли далилдир”. Яна шу киши айтадилар: “Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқ”.
Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Эй инсонлар, илм ўрганинглар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида Унинг ўзи севган бир либос бўлиб, илмнинг бир бобини ўрганган кишига у либосни кийгизади. Агар олим бир гуноҳ қилса, либос ундан олинмаслиги учун унга уч марта танбеҳ беради. Гарчи, бу гуноҳи вафотигача давом этса ҳам (либос ечиб олинмай, танбеҳ берилаверади)”.
Зуҳрий айтадилар: “Илм мардликдир. Уни фақат мард эркаклар севади”.
Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.
Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганимчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман: илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига, илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.
Ислом дини илму маърифат динидир. Илм инсонни икки дунё саодатига элтувчи бир восита бўлиб, ҳар – бир қилинадиган амал илм асосида бўлиши лозим. Ҳар қандай иш ёки бир амал мукаммал адо этилиши унинг илм асосида бўлишлигига боғлиқ.
Илм олиш инсонга ҳурмат ва фазилат олиб келади. Халқимизда “олим бўлсанг олам сеники” деган ибора бежиз айтилмаган. Инсон қанчалик илм олишда давом этар экан унинг билим доираси кегайиб боради, тафаккури очилади, теран фикрлайди. Шунинг билан бига ҳар қандай ишнинг ечимини топади.
Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун Аллоҳ маърифатига эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига етишиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаром, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган, зеро, дунёнинг ободлиги, бардавомлиги ва бахт саодати ҳам илм, маърифат билан чамбарчас боғлиқлиги ҳаммамизга яхши маълум.
Улуғ боболаримизнинг илмга интилиш, эл-юртга хизмат қилиш борасидаги гўзал анъаналарини бугунги ёшларимиз сабот билан давом эттиришлари шарт. Биз бу ҳаракатни навқирон ёшларимизнинг ғайратида, янги-янги етишиб чиқаётган олимларимиз тимсолида ҳам кўришимиз мумкин.
 
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари