Маълумки, аёл Аллоҳ таолонинг мўъжизаси. Унинг борлиги, яратилиши Аллоҳ таолонинг мўъжиза аломатларидандир. Аллоҳ таоло “Қуръон карим”да шундай дейди: “Унинг аломатларидан (яна бири)-сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят). Ушбу оятнинг тафсирида:“Инсоннинг эркак-аёлга ажратиб. жуфт яратишининг ўзи Аллоҳнинг биру, борлиги. баркамол сифатлар соҳби эканининг ёрқин далилидир. Доимо кўрилавергач. унга эътибор берилмайди. аммо эътибор ила тафаккур қилиб кўрилса. инсоннинг эркак ва аёллик ҳолати улкан мўжизадир” дейилади.
Аллоҳ таоло аёлни икки дунёда саодатли қилиб яратган. Хусусан, ҳозирги кунда аёллар жамиятдаги энг шарафли, энг савобли ишларни бажармоқдалар. Айниқса, кейинги йилларда давлатимиз томонидан аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, таълим ва касбий ривожланиш соҳасида аёлларнинг саводхонлигини ошириш, уларнинг олий таълим муассасаларига кириш имкониятларини кенгайтириш учун давлат томонидан турли грантлар ва стипендиялар ажратилмоқда. Натижада кўплаб хотин-қизларимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олиб, илмий изланишлар олиб бормоқда. Ўз навбатида аёллар тадбиркорлиги учун махсус имтиёзли кредитлар, субсидия ва грантлар ажратилмоқда. Бугунги кунда минглаб хотин-қизлар ўз шахсий бизнесини йўлга қўйиб, нафақат оиласини, балки бутун жамиятни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Аёллар нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг таянчи ва келажагини шакллантирувчи кучдир. Уларнинг меҳнати, фидойилиги ва меҳрибонлиги жамиятни янада тараққий этишига хизмат қилади. Шу жиҳатдан ҳар бир аёл ҳурматга, эътиборга ва қўллаб-қувватлашга лойиқдир.
Руҳиддин Акбаров
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими