1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БИЛИМ ҚАСРИНИНГ МЕЪМОРЛАРИ

26-09-2025, 17:45 210 Ўқиш режими + -
Оламда кўп эрур, муборак онлар,
Табаррук зотлар ҳам гарчанд кўп эрур,
Сизгадур илк раҳмат, Азиз устозлар,
Мунис муаллимлар, Сизга ташаккур.
 
Ҳар қандай тараққиётнинг замини – илм ҳисобланади. Илмнинг чироғини ёқадиган, унга меҳр қўядиган ва унинг қасрини қуриб, асраб-авайлайдиган инсонлар бор. Улар – устозлар, ўқитувчилардир.
Устоз – фақатгина китобдан дарс берувчи шахс эмас, балки инсоннинг бутун ҳаётига йўл-йўриқ кўрсатувчи, қалбига нур ва маънавият солувчи буюк шахсдир. 
Бир кичик қишлоқ мактабидаги бошланғич синф ўқитувчиси ҳақида эшитганман. У киши қишнинг қаттиқ совуқ кунларида ҳам ҳар бир болага уйидан мактабгача йўл-ёзув қилиб, уларни билимдан қолмасликка ундар экан. Ҳар бир ўқувчига ўз фарзандидай меҳр билан ёндашиб, уларнинг битта ҳарфни тўғри ёзишидан қувонарди. Бугун ана шу шогирдлардан бири шифокор, бири муҳандис, яна бири эса ўқитувчи бўлиб, жамиятга хизмат қилмоқда.
Танишим айтган эди: “Менинг математикадан устозим бизга ҳисоб-китобни эмас, балки ҳаётни ўргатган. “Ҳар қандай муаммонинг ечими бор, сабр ва изланиш билан топасиз”, дерди. Шу гаплари ҳаётдаги қийинчиликларда куч-ғайрат берди”. Шу ўқитувчининг маслаҳатлари билан у киши кейин университетни муваффақиятли тамомлаб, ўзи орзу қилган касбни эгаллади.
Бир ўқитувчи ҳақида айтишарди: у синфида ўқиган болалардан бири оилавий қийинчилик туфайли ўқишдан қолиб кетай деб турган экан. Устоз унинг уйига бориб, ота-онаси билан суҳбат қурган, болага эътибор ва меҳр берган. Кейинчалик ўша шогирд нафақат мактабни, балки олийгоҳни ҳам аъло даражада тугатган.
Таълим-тарбия беришни энг олий мақсад деб бутун умрини шу соҳага бағишлаган, сочларига тушган оқдан, юзларига чизилган ажинлардан афсусланмай мамнуният ва ифтихор билан касб байрамларини кутиб олаётган ўқитувчиларга бир кун учун эътироф этилишлари эмас, балки ҳар куни эътирофга, эҳтиромга, ҳурматга, эътиборга лойиқдирлар!
Ўқитувчилар — билим қасрининг ҳақиқий меъморлари. Улар ҳар бир боланинг қалбида илм деворини қуради, маънавият устунларини мустаҳкамлайди, орзу ва интилишларига эшик очади. Бугунги тараққиётимизнинг асосида ана шу виждонли, меҳнатсевар устозларнинг кундалик саъй-ҳаракатлари ётади. 
Улар ҳамиша ҳурматда, эътиборда, эътирофдадирлар. Уларнинг умр деб аталмиш ҳаёт йўллари ҳаловатда, роҳатда бўлсин доим. Ана шундай шарафли ва машаққатли меҳнатлари ажрини Аллоҳим яхшилик ва эзгу амаллар билан қайтарсин-ки, эгаллаган касбларидан фахрланиб, эъзозланиб яшаш завқини берсин. 
Шу боис, ҳар йили 1-октябр куни нафақат байрам сифатида, балки устозларга миннатдорчилик изҳори куни сифатида ҳам катта аҳамиятга эга. Устозлар — билим қасрининг меъморлари, келажакнинг ҳақиқий бунёдкорларидир. 
Устоз ва мураббийлар куни барчангизга муборак бўлсин!
  
Нилуфар БЕРДИЕВА
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси