Илм – инсонни зулматдан нурга, жоҳилликдан маърифатга олиб чиқувчи нурли кучдир. Илмни инсонга ўргатувчи эса – устоздир. Устоз инсон ҳаётидаги энг муқаддас шахслардан бири бўлиб, уни ҳурмат қилиш – маънавий бурч, ахлоқий масъулият ва исломий фарздир. Устоз – бу фақат дарс берувчи эмас, балки: ҳаётга тайёрловчи, инсонийликка ўргатувчи, яхшилик ва ёмонликни фарқлашга йўл кўрсатувчи, илмий ва маънавий равнақ берувчи инсондир. Устоз бир умр талабанинг ҳаётида нур сочиб туради. Унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир амали шогирд ҳаётида из қолдиради. Ислом динида устозга бўлган муносабат жуда юқори қадрланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ: "Мен таълим бериш учун юборилганман" — деганлар.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз устозлари – Ҳаммод ибн Сулаймоннинг ҳурматига шундай дер эдилар: “Унинг ҳузурида тўғри ўтира олмасдим. Ҳатто сув ичишни ҳам устозимга орқа қилиб қилмасдим.”
Устозлар фарзандларини тарбиялаётган ота-она кабидир. Ҳар бир шогирдни ўз фарзандидек кўради.
Тўғри сўз, сабр, изланиш, қайта-қайта тушунтириш – буларнинг барчаси устознинг кундалик меҳнатидир.
Устозлар кўп ҳолларда моддий эмас, маънавий барака учун меҳнат қиладилар. Улар ҳаётни, ҳаётда йўл топишни ўргатадилар. Улар – жамиятни тарбияловчи қаҳрамонлардир.
Устоз – илм-у маърифат йўлбошчиси, ҳаёт устуни. Уларни ҳурмат қилиш – инсоннинг қалб тозалиги, ахлоқий етуклиги ва инсоний фазилатидир.
Ҳар бир муваффақиятли инсоннинг орқасида, албатта, бир фидоий устоз бўлади. Шунинг учун ҳам устозларга “устоз” деб мурожаат қилишнинг ўзи — шараф! “Устозларга бош эгмаган эл – ҳалокатга юз тутади."– дейилган нақлда ҳам жуда чуқур маъно бор. Бу ибора тасодифий айтиладиган ёки юзаки қараладиган сўз эмас. Бу — тарихдан, ҳаётдан, диндан, маънавиятдан олинган ҳақиқатдир.
Ҳар бир соҳа эгаси – шифокор, муҳандис, олим, сиёсатчи ва ҳатто устознинг ўзи ҳам ўз устозининг меҳнати орқали юксалган. Устозга бош эгиш — инсоннинг пастлиги эмас, балки ақл ва фазилатининг белгисидир. Устоз сўзини тинглайдиган халқ — тараққий этади, қадриятларини сақлайди. Шу сабабдан, устозларга бош эгиш - ҳалокат эмас, саодат манбаидир. Биз ҳар куни, ҳар лаҳзада устозларимизга раҳмат, дуо ва ҳурмат билан яшашимиз керак.
Азамат Усмонов