Айни даврда Ислом дини номидан фойдаланиб, жамиятда фитна ва бузғунчилик тарқатувчи, ўзини «ҳақиқий Ислом» тарафдори қилиб кўрсатадиган, аммо аслида мазҳабларни, уламоларни ва анъанавий исломий таълимотларни инкор қилувчи радикал йўналиш, бир сўз билан айтганда Сохта салафийлик оқими намоён бўлмоқда.
Ушбу мавзуни ёритишдан мақсад ёшлар ва кенг жамоатчиликни сохта диний оқимлар, хусусан, «салафийлик» номи ортида тарқалаётган радикал, бузғунчи ғоялардан огоҳ этиш, Ислом динининг ҳақиқий бағрикенглик ва меҳр-оқибат ғояларига асосланганлигини тушунтиришдан иборат.
Сохта салафийлик белгилари:
- Фиқҳ мазҳабларини инкор этиш.
- Тўрт мазҳабни бидъат деб аташ, жумладан Ҳанафий мазҳабини рад этиш;
- Ўзга фикрга тоқатсизлик.
- Фақат ўз гуруҳининг фикрини «ҳақиқат» деб билиш, бошқаларни кофирликда айблаш.
- Тақлидни инкор қилиш.
- Исломдаги илмий меросни инкор этиб, ҳар ким ўзича ҳукм чиқаришини тарғиб қилиш.
- Жамиятда парокандалик чиқариш;
- Оилавий, маҳаллий ва жамият асосларини заифлаштириш, итоатсизликка чақириш.
- Давлатга қарши ғоялар.
Сохта салафийлик хатарлари:
- Жамиятда фитна ва норозилик уруғини сочади.
- Ёшларни адаштириб, уларни ўз ота-онаси, устозлари, давлат ва диний раҳбарларига қарши қўяди.
- Ислом динининг ҳақиқий бағрикенглигини тўғри англатмайди.
- Бора – бора экстремистик ҳаракатларга олиб бориши мумкин.
Сохта салафийликдан сақланиш йўллари:
- Соҳавий уламолардан билим олиш.
- Расмий диний муассасалар, масалан, Диний идора вакиллари ва маҳаллий имом-хатиблар орқали илм олиш.
- Интернетдаги шубҳали манбалардан эҳтиёт бўлиш.
- Номаълум, радикал гуруҳларга тегишли каналлар, видеолар ва форумлардан фойдаланмаслик.
- Фиқҳий мазҳабга риоя қилиш.
- Ўзбек халқининг кўп асрлик диний анъаналари – Ҳанафий мазҳаби ва мотуридий ақидасига содиқ қолиш.
- Давлат ва жамият билан ҳамжиҳатликда бўлиш.
- Ислом дини ҳамиша тинчлик ва тартибни афзал кўради.
- Ота-она ва устозлар билан маслаҳатлашиш.
- Ёшлар муҳим диний масалаларда ўзбошимчалик қилмаслиги, тажрибали одамлардан маслаҳат олиши керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Салафийлик деган ном остида тарқалаётган сохта, радикал ғоялар Ислом динининг аслий манбаларидан, унинг руҳи ва бағрикенглигидан йироқдир. Бу ғоялар жамиятни пароканда қилади, бирликни йўқотади. Биз эса ҳақиқий Ислом йўлида — илм, ахлоқ, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик асосида яшашимиз керак.
Азамат Усмонов