1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳожати аслия

29-09-2025, 10:43 91 Ўқиш режими + -
Баъзан нутқимизда “ҳожати аслия” деган иборани ишлатамиз.
Хўш, “ҳожати аслия” нима?  
“Ҳожати аслийя” арабча сўз бирикмаси   бўлиб, у ўзбек тилида  “асл эҳтиёж”, “зарур маблағ”, “зарур эҳтиёж” деган маъноларга тўғри келади.
Шаръий истилоҳда эса инсонни ҳақиқатан ёки тақдиран, ҳалокатдан сақлаб қоладиган нарсаларига бўлган эҳтиёжи-“ҳожати аслия” дейилади. Бу истилоҳда “ҳожати аслия” икки қисмга бўлинади. Биринчи қисм ҳалокатдан сақловчи нарсалар, иккинчи қисм эса тақдиран ҳалокатдан сақловчи нарсалар. 
Ҳақиқатан ҳалокатдан сақловчи нарсаларга қуйидагилар киради:
1.Турар жой;
2. Уй анжомлари;
3. Мавсумий либослар;
4. Ҳунармандларнинг асбоб-ускуналари, станок ва ҳоказо; 
5. От-уловлари ( автомобиллари);
6. Хизматкор қуллари,
7. Қўл остидаги ишчилари; 
8. Аҳли илмларнинг китоблари; 
9. Деҳқончилик асбоблари. 
Аллома Алоуддин Косоний роҳимаҳуллоҳнинг сўзига асосан, «ҳожати аслийя» ҳақида қуйидагича тушунча ҳосил бўлади. Ҳожати аслийя бу— шундай нарсаларки, улар бўлмаса инсон ҳалок бўлиши мумкин. Бу нарсаларнинг асли хилқати-ишлаб чиқарилишида, айнан унинг ўзидан, бевосита инсонлар манфаатлансин, деган мақсад бўлади. Масалан, турар жойни қуришдан асл мақсад инсонлар уни маскан қилсин, унда яшасин. Кийим-кечак либосларни тикилишидан мақсад инсонлар совуқ ва иссиқдан сақлансин, кийиб фойдалансин. Автоулов маркабларнинг ишлаб чиқарилишидан асл мақсад инсонлар уни миниб фойдалансин, йироғини яқин қилсин. Хизматкор қулларнинг қул қилинишидан асл мақсад улардан мўминлар ўз манфаатлари йўлида фойдалансин, ишлатсин. Ҳунарманднинг асбоблари ҳам аслида ҳунарманд бу билан тириклик қилсин ва ҳоказо инсо ўзидан ҳалокатни даф қилиш учун фойдаланадиган нарсалардир. Мана шундай нарсаларга бўлган эҳтиёж шариатда «ҳожати аслийя», дейилади.
            Тақдиран ҳалокатдан сақловчига эса кишининг қарзга бериш учун асраб қўйган пул-маблағлари киради. Зарур эҳтиёжларни қоплаш учун ажратиб қўйилган нақд пуллар ҳам, ҳожати аслийяга киради. Бундан  уламолар қуйидаги масалаларни баён қилишган:  
1. Зарурий уй-жой эҳтиёжлари, масалан мебель ва ҳоказо сотиб олиш учун ажратиб қўйилган пуллардан закот чиқарилмайди. Чунки у зарур эҳтиёжни қоплаш учун ажратилган.
 
2. Уйи йўқ киши уй-жой сотиб олиш учун жамғарган маблағдан закот бермайди.  Чунки, у зарурий эҳтиёж учундир. Закот зарурий эҳтиёждан ортиқча молдан берилади.
 3. Автоулови йўқ киши автоулов сотиб олиш учун жамғариб бораётган пуллардан закот бермайди, чунки, автомобил биз учун зарурдир. Закот эса зарурий молларга алоқадор эмас.
4. Хизматкор ёллаш учун ажратиб қўйилган пуллардан ҳам закот чиқарилмайди. Чунки хизматкорга эҳтиёж бор.
5. Қарамоғидагиларнинг нафақаси учун ажратиб қўйилган пуллардан ҳам закот чиқарилмайди. Чунки бу ҳам эҳтиёжни қоплаш учун.
6. Тадбиркор. Қўл остидаги ишчиларининг ойлик маошига ажратган, фермаларда боқилаётган чорва молларининг ем-ҳашакларига ажратган маблағлардан закот чиқармайди. Чунки, бу маблағлар зарур эҳтиёж учун ажратилган.
7. Оғир ҳолатдаги бемор. Даволаниш харажатлари учун ажратиб қўйган маблағларидан закот чиқармайди. Чунки у соғлиқни тиклаш учун ажратилган зарур маблағ.
8. Қарздорларнинг қарзига тўлаш учун ажратиб қўйган нақд пуллари эса, бу ҳақиқатан эмас, балки фаразан ҳожати аслийяга киргизилади ва улардан закот чиқарилмайди.
               Тижорат учун йиғилган пуллар, тилла, кумуш тангалар ҳожати аслияга кирмайди. Булар нисобга етган пайтда закот бериш лозим бўлади.
                  Инсонда бўлган нақд пуллар  нисобга етганда ундан закот бериш вожиб бўлади.   
 
   
                   (Манбалар асосида Р. Акбаров тайёрлади)