Дейдилар, дунёда асли ким Азиз,
Айтдилар устоздир, устоз бегумон,
Тағин айтдиларки, Азиз шубҳасиз,
Устозлар қадрига етолган инсон.
Жамият равнақи, миллат тараққиёти ва инсон камолотининг асосий устуни — илмдир. Илмнинг қадри шундаки, у инсонни маънавиятга етаклайди, унинг дунёқарашини кенгайтиради ва ҳақиқий инсон қилиб тарбиялайди. Илмни ёйиш, унинг нурини кенг оммага етказиш эса зиёли инсонларнинг муқаддас вазифасидир.
Хўш, зиёли инсонлар аслида ким?
Зиёли инсон — китоб ўқиган ёки маълумотга эга шахсгина эмас. У — ўз билимини ҳаётда қўллайдиган, атрофдагиларга ижобий таъсир кўрсата оладиган, халқ ва миллат манфаати йўлида хизмат қиладиган шахсдир. Унинг сўзида илм, ишларида маънавият, қалбида эса ватанга меҳр ётади.
Бир устознинг шогирдлари турли соҳаларда муваффақият қозониб, илмий мақолалар ёзиб, кашфиётлар қилмоқда. Улар қайси соҳада бўлмасин, ўзлари билан устозининг нурини, зиёсини олиб юришмоқда. Бу устознинг ҳаётий илдизи қанчалик кенг ёйилганидан далолатдир.
Яна бир зиёли инсон борки, у фақат дарс берибгина қолмай, маҳаллада китобхонлик анжуманлари ташкил этади, ёшларга ижодий танловлар ўтказади. Унинг ташаббуси билан ўнлаб болалар китобга, илмга қизиқиб қолган ва ҳ.к...
Бу турдаги мисолларни жамиятимиз ҳётининг ҳар қайси жабҳасидан кўплаб келтириб ўтишимиз мумкин. Чунки давлатимизнинг қайси соҳасига назар ташласангиз албатта у ерда, бир зиёли инсон бошқаруви ва унинг қўл остида юзлаб ишчи-ходимларни кўрасиз. Хўш, улар у ерда шунчаки фаолият юритишаяптими? Йўқ, албатта улар ва улар каби барча жамиятимиз равнақи йўлида хизмат қилаётганлар устоз илмидан зиё олган ўқимишли инсонлардир!
Зиёли инсонлар — жамиятнинг маънавий шамчироқлари. Улар нурини фақат синфхонада эмас, балки ҳаётнинг ҳар жабҳасида таратадилар. Уларнинг сўзи ёшларнинг қалбида илҳом уйғотади, ишлари эса халққа намуна бўлади.
Илм нурини таратаётган зиёли инсонлар — келажакнинг ҳақиқий кафолатидир. Чунки нур қоронғуликсиз бўлмайди, илм эса зиёли инсонларсиз тараққий этмайди. Улар жамиятнинг маънавий қиёфасини белгилайдиган, миллатни улуғ мақсадларга етаклайдиган УСТОЗлардир.
Нилуфар Бердиева
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси